Солиқ қўмитаси соҳа ходимларининг даромад ва харажатларини декларациялаш тизимини ишлаб чиқди
Ҳозирда декларация механизмини жорий этиш бўйича эксперимент Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида синов тариқасида амалга оширилмоқда.
Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пулатов ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, меморандум коррупциянинг олдини олиш бўйича тизимли ишларни мустаҳкамлаш, солиқ органлари фаолиятининг шаффофлигини ошириш ҳамда ички назорат механизмларини жорий этишга қаратилган.
Ҳужжат солиқ органлари тизимида коррупциявий омилларни барвақт аниқлаш ва профилактик механизмларни жорий этишга йўналтирилган профессионал модель шакллантиришни назарда тутади.
Шунингдек, сунъий интеллект асосидаги ечимларни кенг қўллаш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорлик сиёсатини изчил ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, Солиқ қўмитаси раиси таклифи билан давлат солиқ хизмати ҳар бир ходимининг даромадларини декларация қилиш тизими ишлаб чиқилгани қайд этилди. Тадбир доирасида мазкур платформа тақдимоти ўтказилди.
Қайд этилишича, айни пайтда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида даромадларни декларация қилиш механизмини жорий этиш бўйича эксперимент синов тариқасида амалга оширилмоқда.
Лойиҳа якунларига кўра, ушбу тизим босқичма-босқич бутун республика бўйлаб жорий этилади.
