Ўзбекистонда фуқаролар номида нечта банк картаси борлигини текшириши мумкин бўлади
Банклар ва мобил алоқа операторларининг ахборот тизимлари билан хавфсиз API орқали интеграция ўрнатиш, реал вақт режимида маълумот алмашиш имкониятини яратади.
Ўзбекистонда фуқаролар ўзига нечта банк картаси ва SIM карта расмийлаштирилганини текшириб, ортиқчасини ёптириши мумкин бўлади.
Мамлакатнинг 2026 йилга мўлжалланган давлат дастурида белгиланишича, бу хизмат 2026 йил декабрдан ЯИДХПда йўлга қўйилади. Фуқаро ўзи номига нечта банк картаси ва нечта мобил алоқа рақами расмийлаштирилганини фақат ўзи кўриши ҳамда зарур ҳолларда ушбу карталар ёки рақамларни бевосита Ягона портал орқали ёпиш учун ариза юбориши мумкин бўлади.
Банклар ва мобил алоқа операторларининг ахборот тизимлари билан хавфсиз API орқали интеграция ўрнатиш, реал вақт режимида маълумот алмашиш имкониятини яратади.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш Марказий банк, манфаатдор вазирлик ва идоралар, алоқа операторлари, тижорат банкларига юклатилди. Рақамли технологиялар вазирлиги эса ижро учун асосий масъул бўлади.
Ўзбекистонда муомалага чиқарилган жами банк карталари 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра 68 миллион 267 минг донадан ошган. Марказий банк маълумотларига кўра, бу уч йил аввалгидан қарийб икки баравар кўп. Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида идентификация учун мўлжалланган микропроцессор модуллари, СИМ-карталар, шунингдек, транспорт, ижтимоий ва халқаро тўлов карталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Банк картасидан фирибгарлик қилинганда энди фуқаролар тезкор мурожаат қилиши учун банк картасининг орқа томонида 24/7 режимда ишловчи алоқа рақами жойлаштирилади.
