Энди чиқинди хизмати учун фақат кўрсатилган хизматга ҳақ тўланади
2026 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ҳақ тўлашнинг мутлақо янги механизми тўлиқ кучга кирди.
Эндиликда истеъмолчилар томонидан амалга оширилган тўловлар тўғридан-тўғри хизмат кўрсатувчи корхона ҳисобига эмас, балки Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг махсус ҳисоб рақамига йўналтирилмоқда.
Операторларга маблағлар фақат иккита асосий кўрсаткич бўйича тўлаб берилади:
- Тоннаж: Полигонга киритилган чиқиндининг реал вазни.
- Масофа: Махсус техниканинг (мусоровоздарнинг) босиб ўтган ҳақиқий километри.
Бу тизим корхоналар томонидан хизмат кўрсатилмаган ҳудудлар учун пул ундириш ёки ҳисоботларни сунъий равишда ошириб кўрсатиш имкониятини йўққа чиқарди. Натижада, ҳозиргача тизимдан 11,9 млрд сўмлик нореал дебитор қарздорликлар чиқариб ташланди.
Соҳада фаолият юритаётган корхоналар иши ҳар ой якуни бўйича баҳоланиб, “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилмоқда. Бу рейтинг корхоналарга ҳақ тўлашда асосий мезон бўлиб хизмат қилади. Жорий йилнинг ўтган даври ичида:
14 та корхона паст кўрсаткичлари учун жаримага тортилди. 2 та корхона билан тузилган битимлар сифатсиз хизмат туфайли бекор қилиниб, ҳудудлар қайтариб олинди.
«Тоза Макон» ягона электрон биллинг тизими бугунги кунда республика бўйича 9 430 та маҳалла ва 7,1 млн абонентни қамраб олган. Соҳадаги 3 230 та махсус техниканинг 94 фоизи GPS навигацияси орқали реал вақт режимида кузатилмоқда. Шунингдек, 846 та чиқинди йиғиш майдончаси онлайн камералар назоратига олинган. 2030 йилга келиб бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш режалаштирилган.
