Солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга бир ойда 3 млрд сўм мукофот тўланди
Бир ой ичида «Солиқ ҳамкор» тизими орқали фуқаролар томонидан ҳуқуқбузарликлар тўғрисида 12 486 та мурожаат йўлланган.
Солиқ қўмитасига 2026 йилнинг январь ойида соҳавий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида қарийб 12,5 мингта мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар қилди.
Бир ой ичида «Солиқ ҳамкор» тизими орқали фуқаролар томонидан ҳуқуқбузарликлар тўғрисида 12 486 та мурожаат йўлланган бўлиб, шундан 1 739 таси такрорий бўлганлиги ёки шикоят келиб тушган тадбиркорлик субъектида текширув давом этаётганлиги сабабли кўриб чиқилмаган.
Қолган сўровлар асосида 5 198 та сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, 99 фоиз ҳолатда қонунбузарлик ўз тасдиғини топган.
Мурожаатларнинг аксарияти қуйидагилар билан боғлиқ бўлган:
- 10 879 таси харид чеки бермаслик;
- 510 таси тўловни пластик карта орқали қабул қилмаслик;
- 34 таси пластик карта учун харид суммасини ошириш;
- 1 063 таси бошқа турдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари.
Қонунбузарликлар ҳақида хабар берган фуқароларга 4 782 та ҳолат бўйича ундирилган жарима суммасидан 20 фоизи, яъни 3 миллиард сўм мукофот тариқасида берилган.
Ўтган йилда шу каби ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар қилганларга 33,7 миллиард сўм рағбат тариқасида тўланганди. Умумий мурожаатларнинг 98,8 фоиз тасдиқланган.
