Ўзбекистонда айрим ўқитувчилар учун даромад солиғи 7,5 фоизга туширилади
Шунингдек, эҳтиёжманд оилалардаги ёшларни бепул ўқитишни йўлга қўйган ўқув марказлари ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади.
Ўзбекистонда олис ҳудудлардаги ўқув марказларидаги ўқитувчилар учун даромад солиғи 12 фоиздан 7,5 фоизга туширилади. Бу ҳақда 24 февраль куни Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан мулоқотида маълум қилинди.
Қайд этилишича, «Кўмак» дастури доирасида 130 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилгани учун олис ва чекка ҳудудларда олти ой ичида хорижий тил ўргатадиган 120 дан зиёд ўқув маркази иш бошлади.
Эндиликда олис ҳудудлардаги ўқув марказлари учун ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. «Кўмак» лойиҳаси доирасида ўз бизнесини бошлаб, яхши натижа кўрсатаётган ёшлар фаолиятини кенгайтириш учун 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилади.
Ёшлар ишлари агентлигига хусусий ўқув марказлари билан ҳамкорликда йилига 20 минг ёшни келажак касбларига ўқитиш дастурини ишга тушириш, ҳар бир туманга 500 миллион сўмгача ссуда ажратиб, техникум ва ўқув марказларида касб-ҳунар лабораториясини ташкил қилиш топширилди.
Эҳтиёжманд оилалардаги ёшларни бепул ўқитишни йўлга қўйган ўқув марказлари ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади
Ёшлар билан мулоқотда қайд этилишича, Қўқон университети замонавий асбоб-ускуналар, техника ва лабораторияга эга 400 ўринли ўқув марказини ишга туширди. Университет эҳтиёжманд оилалар фарзандларини ўқув марказида дастурлаш, сунъий интеллект, робототехника бўйича 6 ойлик ўқув курсларида бепул ўқитмоқчи. Биргина шу орқали йилига 5 мингдан зиёд уюшмаган ёшларнинг замонавий билимларни эгаллаши учун шароит яратилади.
Тошкент аграр университети механизация ва агромуҳандислик йўналишидаги талабаларини дуал таълим асосида бевосита Чирчиқдаги агро-тех кластерида ўқитмоқчи. Улар бир вақтнинг ўзида ишлаб, маош олади. Шунингдек, университетда ҳар бири 5 нафар талабадан иборат «Келажак фермерлари» экспериментал жамоалари ташкил этилади. Ушбу жамоалар ўқув йили давомида 10 сотих ерни ўзлаштириб, ўзлари экин экади. Улар ернинг унумдорлигини ошириш, серҳосил ва юқори даромад олиш кўрсаткичларидан келиб чиқиб, курсдан курсга ўтади.
Президент қолган барча олийгоҳлар ушбу ижобий тажрибалардан намуна олиши зарурлиги қайд этилди.
Энди жойларда мана шундай масканларни ташкил қилиб, эҳтиёжманд оилалардаги ёшларни бепул ўқитишни йўлга қўйган ўқув марказлари ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади, коммунал харажатларининг ярми бюджетдан қоплаб берилади, ўқитувчиларга тўланган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ кешбек сифатида қайтарилади.
