Январь ойида миллий валютадаги банк омонатлари бўйича ўртача номинал фоиз ставкаси 18,9% ни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботида маълум қилинди.
Бу кўрсаткич 2025 йилнинг декабрь ойига нисбатан 0,5% га ошган. Депозитларнинг даромадлилиги ўтган йилнинг август ойидан бери биринчи марта ойлик ўсишни кўрсатди, йиллик ҳисобда эса 0,6% га камайди.
Бир йилгача бўлган муддатли омонатлар сегментида фоиз ставкаси ой давомида 0,2 фоиз пунктига ошиб, 17,5% ни ташкил этди. Узоқ муддатли депозитлар бўйича банклар ўртача 19,2% лик ставка таклиф қилди — бу декабрь ойидагидан 0,5 фоиз пунктига кўп, бироқ сўнгги 12 ойда ставка 1 фоиз пунктига пасайган.
Жисмоний шахслар учун омонатлар даромадлилиги сўнгги ойда деярли ўзгармади ва 20,6% ни ташкил этди. Шу билан бирга, ўртача ставка 22% дан ошган ўтган йилнинг январь ойига нисбатан бу кўрсаткич 1,6 фоиз пунктига камайди.
Юридик шахслар омонатлари бўйича фоиз ставкалари ўртача 16,3% ни ташкил этди (декабрь ойига нисбатан -0,1%, йил давомида -0,4%). Қисқа муддатли депозитлар даромадлилиги 15,%вфоизгача (-0,3%) пасайган бўлса, узоқ муддатли сегментда ставкаларнинг бироз ўсиши кузатилди — 16,8% (+0,2%).
Аҳоли омонатлари бўйича реал ставка 8,4% га, юридик шахслар учун эса 5% га етди. Иккала кўрсаткич ҳам инфляцион кутилмаларнинг пасайиши ҳисобига бир ойда 0,2% га ошди.
Валютадаги омонатлар январь ойида ўртача 4,7% даромадлиликни сақлаб қолди, бироқ йил давомида бу кўрсаткич 0,3% га камайди. Қисқа муддатли омонатлар бўйича ставкалар июндан бери илк бор 3% га етди (+0,9%), узоқ муддатли омонатлар эса 5,2% даражасида қолди.
Жисмоний шахслар учун хорижий валютадаги омонатлар бўйича ўртача даромадлилик 5,1% ни ташкил этмоқда — бу ўтган йилги даража билан бир хил ва декабрь ойига нисбатан 0,5% га юқори. Ўсиш узоқ муддатли депозитлар ставкаларининг 5,3% гача кўтарилиши ҳисобига таъминланди.
Корпоратив валюта ҳисобварақлари бўйича ставкалар ўтган йил март ойидан бери энг паст даражага — 4,1% га тушди (ой давомида 0,8% га камайди). Агар декабрда узоқ муддатли бизнес-омонатларнинг ўртача даромадлилиги қарийб 7% га яқинлашган бўлса, ҳозир у яна йиллик 5% ни ташкил этмоқда.


