Тошкентда 10 март – Халқаро аёл судьялар кунига бағишланган тантанали учрашув бўлиб ўтди
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева мамлакат тарихида илк бор Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси ташкил этилгани муносабати билан барчани табриклади.
Президент томонидан хотин-қизлар ва болаларни зўравонлик ҳамда тазйиқлардан ҳимоя қилишга қаратилган муҳим фармон қабул қилинди. Бу – инсон тақдирини барбод қилиб, жиноятини «анъана» ниқоби остига яширишга, мавқеи ёки мансаби билан хаспўшлашга уринаётган кимсаларга қарши муросасиз қадамдир. Таъкидланишича, бу борада судьялар ҳал қилувчи ўринга эга: қонун шундай ишлаши керакки, жиноятчи учун баҳона ҳам, «туйнук» ҳам қолмасин.

Бунга эришиш учун судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва терговга қадар текширув органлари фаолиятининг самарадорлиги, масъулияти янада оширилади ҳамда зўравонликнинг ҳар қандай ҳолатига реал ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
«Биринчи бор айнан ушбу халқаро сана муносабати билан аёл судьяларимиз давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Мен буни қатъияти ва ҳалоллиги билан одил судловни амалга ошираётган инсонларга бўлган юксак ҳурмат ифодаси, деб биламан.
Зўравонлик атрофдагилар сукути ва мазлумларнинг қўрқуви ортига асло яширина олмаслиги керак. Биз ана шундай муҳитни барпо этишни мақсад қилганмиз», — деб ёзади Саида Мирзиёева ўзининг Telegram каналига.





