Ўзбекистонда ипотека омонатлари тажриба тариқасида жорий этилади
Ипотека омонатидаги маблағлар қолдиғига банк томонидан бозор ставкасида фоиз ҳисобланади. Жамғарилган маблағлар ва фоизлар кейинчалик ипотека кредити бўйича дастлабки бадални шакллантиришга йўналтирилади.
Президентнинг аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини тезлаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш бўйича фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда мақсадли ипотека омонатлари механизмини жорий этиш режалаштирилмоқда.
2026 йил 1 июлдан 31 декабргача ушбу амалиёт тажриба-синов тариқасида жорий этилади.
Ҳужжатга кўра, ипотека кредити бўйича субсидия ажратиш тўғрисида ижобий хабарнома олган фуқаролар банкда ихтиёрий равишда ипотека омонатини очиши мумкин. Ушбу омонат миқдори ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг фуқарога тегишли қисмидан кам бўлмаслиги ва маблағлар унда 12 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда сақланиши керак.
Ипотека омонатини шакллантирган фуқароларга дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун давлат буджетидан ажратиладиган субсидиялар тижорат банклари буюртмасига асосан омонатга олдиндан ўтказиб берилади.
Ипотека омонатидаги маблағлар қолдиғига банк томонидан бозор ставкасида фоиз ҳисобланади. Жамғарилган маблағлар ва фоизлар кейинчалик ипотека кредити бўйича дастлабки бадални шакллантиришга йўналтирилади.
Агар омонат муддати давомида фуқаро ипотека кредити орқали уй-жой сотиб олмаса, банк омонатда жамғарилган маблағларга фоиз ҳисоблайди. Шундан сўнг ушбу маблағлар фоизлари билан бирга тегишли тарзда фуқаро ва давлат буджетига қайтарилади.
Ипотека кредити ажратилгандан сўнг давлат фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб беради. Бунда дастлабки 5 йил давомида Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори бўлган қисми учун субсидия тўланади.
