Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш муддати мартдан кейинга қолиши мумкин
Айрим мамлакатлар ҳужжатларни кўриб чиқишни пайсалга солаётгани сабабли Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни чўзилиши мумкин, деди ЖСТ бўйича бош музокарачи Азизбек Урунов. Ўтган йилнинг охирида у жараённинг «кутилмаган тарзда секинлашиши» хавфини қайд этган эди.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш муддати мартдан кейинга қолиши мумкин, чунки айрим мамлакатлар ҳужжатларни кўриб чиқишни ортга сурмоқда. Бу ҳақда президентнинг ЖСТ масалалари бўйича вакили, бош музокарачи Азизбек Урунов журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
Аъзо бўлиш муддати мартдан ўтиб кетиши мумкинми, деган саволга у шундай жавоб берди:
«Ҳа, мартдан ҳам ўтиши мумкин. Чунки ҳозир ҳам айрим мамлакатлар бизнинг ҳужжатларни кўриш жараёнини чўзмоқда. Бу ҳақидаги маълумотларни очиқласам нотўғри бўлади. Бугунги кунда улар билан жараённи тезлаштириш мақсадида гаплашиб, келишишга ҳаракат қиляпмиз».
Уруновнинг таъкидлашича, агар қарор фақат Ўзбекистонга боғлиқ бўлганида, мамлакат март ойидаёқ ташкилотга қўшилишга тайёр бўларди.
«Лекин бу фақатгина бир томонлама жараён эмас, танганинг иккинчи томони ҳам бор. Биз ЖСТга фақат аъзо мамлакатларнинг қарори асосида қўшилишимиз мумкин», — деди у.
ЖСТ қоидаларини истисносиз тўлиқ қабул қилиш орқали аъзоликни тезлаштириш мумкинми, деган саволга жавоб берар экан, Ўрунов мамлакат шундоқ ҳам ташкилотнинг барча меъёрларини қабул қилишга мажбурлигини таъкидлади.
«Биз, албатта, ЖСТ қоидаларини қабул қиламиз. Бусиз ташкилотга аъзо бўлиш мумкин эмас».
Шу билан бирга, у истиснолар ташкилот келишувлари тизимининг бир қисми эканлигини қўшимча қилди.
«Истиснолар ЖСТ келишувларининг ажралмас қисмидир. Ташкилотда ривожланган мамлакатлар, ривожланаётган мамлакатлар ва энг кам ривожланган мамлакатлар мавжуд. Ҳар бир тоифа учун ўз шартлари мавжуд. ЖСТнинг ҳар бир битимида аниқ кўрсатилган қоидалар мавжуд бўлиб, улардан ташқарига чиқиш мумкин эмас. Агар мамлакат ЖСТга аъзо бўлса, демак, у барча мажбурий талабларни бажаради. Шунинг учун бу ерда сиз айтаётган «енгилликлар» йўқ.
Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини 2026 йил март ойида бўлиб ўтадиган ЖСТнинг 14-вазирлар конференциясига қадар якунлашни режалаштирган эди. Декабрь ойида Урунов Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш жараёнининг «кутилмаган тарзда секинлашиши» хавфи ҳақида хабар берган эди. Унинг сўзларига кўра, ташкилотнинг айрим аъзолари Тошкентни жиддий ташвишга солаётган саволларни юбормоқда.
