Энди солиқ қарздорлиги 1 млн сўмдан ошса, электр энергияси учун тўловлар чекланади
Янги тизим Наманган вилоятида синов тарзида жорий этилди. Агар ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик 1 млн сўмдан ошган бўлса, фуқароларга бир неча маротаба огоҳлантириш юборилади.
Аҳолидан солиқ қарздорлигини ундириш янги тартибда амалга оширилади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Энди жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлигини ундиришда электр энергиясининг биллинг тизими механизми қўлланилади.
Бунда умумий суммаси 1 млн сўмдан ошадиган солиқ қарзи мавжуд бўлса, электр энергиясига тўловларни амалга оширишда вақтинчалик чеклов қўйилиши мумкин.
Шундан келиб чиқиб, «Солиқ биллинг» автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди ҳамда 16 апрелдан бошлаб Наманган вилоятида эксперимент тарзида жорий этилди. Уни мамлакатнинг қолган ҳудудларида эксперимент натижалари асосида ишга тушириш белгиланган.
Тизим қандай ишлайди?
Унга кўра, қарздорлик 1 млн сўмдан ошганда фуқаро бир неча босқичда огоҳлантирилади: аввал солиқ ҳисобланганлиги ҳақида хабарнома, ундан кейин эса SMS орқали эслатма юборилади. Шунингдек «Солиқ» мобил иловаси ва Ягона портал орқали ҳам билдиришномалар берилади.
Шундан сўнг, солиқ органи томонидан электр тўловига чеклов киритилиши мумкинлиги тўғрисида SMS-хабарнома юборилади. Юборилган ҳавола орқали қарздорлик қачон шакллангани ва огоҳлантириш қайси босқичда эканлигини кузатиб бориш мумкин.
Барча огоҳлантиришларга қарамай солиқ қарздорлиги бартараф этилмаса, фуқаронинг электрга тўлов қилиш имкониятига вақтинчалик чеклов киритилади. Қарздорлик бартараф этилгач эса чеклов онлайн тартибда дарҳол бекор қилинади.
2025 йилнинг ноябрь ойида қабул қилинган президент қарори билан ушбу тизимни 2026 йилнинг 1 январидан бошлаб Наманган вилоятида жорий этиш белгиланганди. Солиқ қўмитаси синов натижалари асосида келаси йилнинг 1 октябригача қолган ҳудудларда ҳам ушбу тизимни жорий этиш бўйича таклифларни ҳукуматга киритиши керак.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг маълум қилишича, мазкур синовдан мақсад — қарздорликларни кескин камайтириш ва солиқ тушумларининг ўз муддатида тўлаб борилишини таъминлаш.
2025 йил 12 июль ҳолатига кўра, Наманган вилоятида мол-мулк ва ер солиғидан қарздорлиги мавжуд бўлган жисмоний шахсларнинг сони 369 минг нафарни ташкил этади. Шундан 43,4 минг нафари (12%) нинг қарздорлиги 1 млн сўмдан ошган.
