Ўзбекистонда муомаладаги банк карталари сони 70 миллиондан ошди
Январь–февраль ойларида тўлов терминаллари орқали тушган умумий тушум 82 триллион 925 миллиард 646 миллион сўмни ташкил этган.
Ўзбекистонда 2026 йил 1 март ҳолатига муомаладаги банк пластик карталари сони 70 миллион 951 минг 598 донани ташкил этди.
Марказий банк инфографикасида қайд этилишича, мамлакат бўйича 439 минг 462 та тўлов терминали ҳамда 45 минг 311 та банкомат ва инфокиосклар фаолият юритмоқда.
Январь–февраль ойларида тўлов терминаллари орқали тушган умумий тушум 82 триллион 925 миллиард 646 миллион сўмни ташкил этган. Энг катта тушум Алоқабанк ҳиссасига тўғри келиб, 10 триллион 389 миллиард сўм қайд этилган. Ундан кейинги ўринларда TBC банк (6 триллион 520 миллиард сўм) ва Миллий банк (6 триллион 174 миллиард сўм) жойлашган.
Банк карталари сони бўйича эса Халқ банки етакчилик қилмоқда — 11 миллион 109 мингдан ортиқ карта муомалада. Кейинги ўринларда Агробанк (6,6 миллион), Uzum Bank (6 миллион) ва Ипотека банк (5,4 миллион) қайд этилган. Шунингдек, Аnor банк ва Hamkorbank’да ҳам 4 миллиондан ортиқ карталар мавжуд.
Тўлов терминаллари сони бўйича Ҳамкорбанк (59 мингдан ортиқ), Миллий банк (42 мингдан ортиқ) ва Халқ банки (33 мингдан ортиқ) етакчи ҳисобланади. Банкомат ва инфокиосклар сонида эса Халқ банки (3 мингдан ортиқ), Агробанк (1,8 мингга яқин) ва Миллий банк (1 мингдан ортиқ) юқори кўрсаткичларни қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 январь ҳолатига муомаладаги карталар сони 68,2 миллиондан ошиб, 2023 йилдаги 34,2 миллионга нисбатан қарийб икки баравар кўпайган. Тўлов терминаллари 430 мингдан ошган, банкомат ва инфокиосклар 40 мингдан ортган, терминал орқали тўловлар ҳажми эса 460,2 триллион сўмга етиб, бир йилда 133,5 триллион сўмга ошган.
