Жаҳон банки транспорт инфратузилмаси ва хизматларини яхшилаш учун Ўзбекистонга 200 млн доллар ажратди
Янги лойиҳа доирасида М41 минтақавий автомобиль йўлининг 91 км қисми реконструкция қилинади. Ушбу йўл Ўзбекистонни Тожикистон, Қирғизистон Республикаси ва Афғонистон билан боғлайди.
Жаҳон банки Ўзбекистонга транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва соҳада комплекс ислоҳотларни амалга ошириш учун 200 миллион доллар ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар қилди.
Янги лойиҳа доирасида Сурхондарё вилоятида Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги «Автойўлинвест» агентлиги М41 минтақавий автомобиль йўлининг 91 км қисмини реконструкция қилади. Ушбу йўл Ўзбекистонни Тожикистон, Қирғизистон Республикаси ва Афғонистон билан боғлайди. Мавжуд икки қаторли йўл тўрт қаторли автомагистралга кенгайтирилади.
Қайд этилишича, реконструкция якунлангач, ушбу йўл қисмидан ҳар куни қарийб 35 000 ҳайдовчи ва йўловчи фойдаланади. Шунингдек, банк таъкидлашича, автомагистралга ёндош ҳудудларда яшовчи тахминан 550 минг аҳолининг транспорт хизматлари ва иқтисодий имкониятлардан кенгроқ фойдаланишини таъминлайди, жумладан бизнесни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш орқали.
Лойиҳа йўл қопламаси сифатини яхшилаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва автобус бекатларининг қулайлигини яхшилаш бўйича қурилиш ишларини молиялаштиради. Шунингдек, сув тошқинлари хавфини камайтириш учун 180 га яқин кўприк ва дренаж иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Айтилишича, ушбу чора-тадбирлар автомобиль йўлининг реконструкция қилинаётган қисмида йўл-транспорт ҳодисалари ва ўлим ҳолатлари сонини камайтиришга, йўлга кетадиган вақтни қисқартиришга (аҳоли пунктларидан ташқарида ўртача тезлик 65 км/соатдан тахминан 90 км/соатгача ошади) ҳамда йўловчи ва юк ташишнинг ишончлилигини оширишга ёрдам беради.
Лойиҳа, шунингдек, Транспорт вазирлигига мултимодал ташувларни ривожлантириш миллий стратегиясини ишлаб чиқишда кўмаклашади. Ушбу стратегия транспорт хизматлари ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат органларининг салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган.
Шу билан бирга, лойиҳа доирасида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ўз бизнес-жараёнларини, жумладан корпоратив бошқарувни мустаҳкамлаш, молиявий шаффофликни ошириш, йўловчи ташишни режалаштиришни яхшилаш ва экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ЭСГ) амалиётларини жорий этиш орқали такомиллаштиради.
