Ўзбекистонда гўшт нархи сезиларли қимматлашди
Охирги ҳафталарда қассобларда ҳам мол гўштининг чакана нархи қимматлашиши кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда истеъмолчилар суяксиз мол гўшти чакана нархи 200 мингга яқинлашганини билдирган.
Ўзбекистонда гўшт нархи бир ойда 8 фоизгача қимматлашди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим этган маълумотлардан маълум бўлди.
25 март ҳолатига кўра, Тошкент шаҳридаги «Эски жува» (Чорсу) бозорида мол гўштининг улгуржи нархи 75−108 минг сўмни ташкил этди. Мол гўштининг қовурғаси 75−80 минг, сарпанжа 85−95 минг ҳамда сон 90−100 минг сўмга етди. Музлатилган импорт гўшти минимал 85 минг сўм, максимал 110 минг сўмдан сотилмоқда. Қўй гўштининг минимал улгуржи нархи 85 минг сўмни, максимал нархи эса 110 минг сўмни ташкил этди. Гўшт нархи бир ойда 8 фоизгача кўтарилган.
Охирги ҳафталарда қассобларда ҳам мол гўштининг чакана нархи қимматлашиши кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда истеъмолчилар суяксиз мол гўшти чакана нархи 200 мингга яқинлашганини билдирган.
Иқтисодчи Отабек Бакиров мол гўшти нархининг қимматлашиши Россияда касаллик тарқалиши натижасида фермерлардан чорва молларининг тортиб олиниши ҳамда Қозоғистон Россиядан тирик чорва ва гўшт олиб кириш ҳамда уларнинг транзитини тақиқлаши фонида юз бераётганига эътибор қаратди.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 2026 йил январь—февраль ойларида 156,9 миллион долларлик гўшт ва гўшт маҳсулотлари импорт қилинди. Гўшт импортининг асосий улуши қорамол гўшти ҳиссасига тўғри келган. Икки ой давомида хориждан умумий қиймати 120 миллион долларлик 25,9 минг тонна мол гўшти сотиб олинган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йилнинг февралида ўтказилган йиғилишда импортга қарамликни камайтириш учун аввало чорва озуқаси масаласини тизимли ҳал этиш зарурлигини таъкидлаганди. Жорий йилда қўшимча 60 минг гектарда озуқа экинларини етиштириш, майда шохли қорамол наслини яхшилаш борасидаги ишларни ҳам давом эттириш кераклиги айтилди. Ўтган йили Мўғулистондан 100 минг бош қўй ва эчки олиб келинган бўлса, жорий йилда ҳам ушбу йўналишдаги импорт ҳажмини сақлаб қолиш режалаштирилган.
