Ўзбекистонда барча ҳисоб-китоблар сўмда бўлиши кераклиги айтилди
Марказий банк раиси биринчи ўринбосарининг айтишича, банкларда валюта айирбошлашда сотиш ва сотиб олиш курслари ўртасида фарқлар бор. Ҳозиргача нақд пул шаклида ҳам долларни маълум бир курсда сўмга айирбошлаб, сотувчига берилган.
Ўзбекистонда барча товар ва хизматлар учун тўловлар фақат сўмда амалга оширилиши зарур. Бу ҳақда Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев 27 март куни Тошкент шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида эслатди.
Мулоқотда 1 апрелдан қатор товар ва хизматлар учун тўловлар нақдсиз шаклда бўлишига оид масала муҳокама қилинди. Суҳбатда кейинги ойдан аввалдан хорижий валютада сотиб олинган уй, машина ёки бошқа товарлар учун тўлов ҳам сўмда бўлса, валюта айирбошлаш комиссияси кўпайиб кетиши ҳақида саволлар берилаётгани айтилди. Нодирбек Сайдуллаев мазкур масала юзасидан тушунтириш берди.
«2017 йил 4 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида ҳар қандай товар ва хизматлар учун тўловлар фақат миллий валютада амалга оширилади. Шуни инобатга олиб, ҳозирги кунда ҳам нақд шаклдаги ҳисоб-китоблар ўзи сўмда бўлиши керак эдику. Агар хорижий валютада ҳисоб-китоб қилинса, қоида бузилган бўладику. Бу масалада ҳеч нарса ўзгаргани йўқ», деди регулятор расмийси.
Нодирбек Сайдуллаевнинг айтишича, банкларда валюта айирбошлашда сотиш ва сотиб олиш курслари ўртасида фарқлар бор. Ҳозиргача нақд пул шаклида ҳам долларни маълум бир курсда сўмга айирбошлаб, сотувчига берилган. Сотувчи пулни ўз хоҳишига асосан нақд ёки картасига кирим қилган. Истаса, хорижий валютада айлантирган.
«Айтмоқчи бўлганим, 1 апрелгача нақд кўринишдаги тўловлар ҳам миллий валютада амалга оширилиши керак эди. Бундан кейин шу электрон кўринишда бўлади. Менимча, бу ерда ҳеч қандай савол бўлиши керак эмас», деди у.
Аввалроқ 1 апрелдан нақдсиз тўловлар республикада айланадиган 28 мингта товар ва хизматлар савдоси учун жорий этилиши айтилган. Шундан асосий улушни алкоголь маҳсулотлари (22 мингта) олди-сотдиси эгаллаган. Ўз навбатида 561 турдаги кўчмас мулк, 5 минг турдаги қиймати 25 миллион сўмдан ошувчи товарлар савдосида нақд пулдан фойдаланиш чекланади.
Нақд пулсиз тўлов мажбурий бўлади
Апрелдан бошлаб мамлакатда қатор тўловлар нақд пульсиз амалга оширилиши мажбурий бўлади. Жумладан, 25 миллион сўмдан қиммат бўлган ҳар қандай товар ва хизматлар учун банк ёки онлайн тўлов қилиш шарт.
- Нақдсиз тўлов тизими:
- давлат хизматлари;
- коммунал тўловлар;
- алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
- ёнилғи қуйиш ва зарядлаш шохобчаларида ҳам жорий этилади.
Ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М, N, О ва G тоифасидаги автомобиллар олди-сотдиси ҳам нақдсиз шаклда бўлади. Маълумот учун, кўчмас мулкни нақдсиз тарзда сотиш ҳақидаги таклифлар 2025 йил ёзида Сенатда муҳокама қилинган. Мутахассислар бу тартиб хуфиёна иқтисодиётни камайтириши ва солиқ тушумларини оширишга ёрдам беришини билдирган.
Таҳлилларга кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда уйлар нархи асл қийматидан 17 фоизга юқори экани айтилган.
