Тошкентда 1 сотих ер нархи 319 млн сўмгача пасайди
2025 йилнинг тўртинчи чорагида Ўзбекистонда уй-жой нархлари долларда ошди, сўмда эса деярли ўзгармади.
2025 йилда Ўзбекистонда иқтисодий фаолликнинг юқори шаклланиши фонида кўчмас мулк бозорида ўсиш сезиларли тезлашди. Бу ҳақда Марказий банкнинг бозор таҳлилида келтирилган.
Унга кўра, ўтган йилнинг тўртинчи чорагида кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони 89,7 мингтани ташкил этиб, бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 24,5% га ўсди.
Мамлакат бўйлаб жами уй-жой олди-сотди транзакциялари йил бошидан 319,5 мингтага етди (+15,8%). Ҳудудлар кесимида юқори ўсиш Бухоро (25,6%), Сирдарё (23,1%), Самарқанд (19,2%), Жиззах (17%) ҳамда Хоразм (16,4%) вилоятларида кузатилди. Уларнинг жами олди-сотди битимлардаги улуши сўнгги тўрт йил ичида барқарор ошди — 3,6 фоиз бандга.
Расмийлаштирилган шартномалар сони юқори бўлган Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ҳамда Фарғона вилоятларида ўртача ўсиш 15,5% ни ташкил этди. Бу пойтахтдан бошқа вилоятларда инфратузилма яхшиланиши ва аҳоли даромадларининг ошиши натижасида уй-жой бозори ривожланаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
2025 йил давомида ажратилган ипотека кредитлари ҳажми ўтган йилга нисбатан 29% га ўсиб, 21,2 трлн сўмни ташкил этди. Уй-жой олди-сотди шартномаларидаги ажратилган ипотека кредитлари сонининг улуши 22% га етди.
Шунингдек, даромадларнинг юқори ўсиши ҳам кўчмас мулк бозорида фаолликни қўллаб-қувватламоқда. Октабр декабрь ойларида аҳоли даромадларининг ўсиши бироз тезлашиб, реал ҳисобда 9,2% га етди.
Фойдаланишга топширилган уй-жойлар умумий майдони 15,9 млн кв.метрга етиб, ўтган йилга нисбатан 7,2% га ошди. Хоразм (36%), Сурхондарё (6,7%) ва Фарғона (6,5%) вилоятлари янги турар-жой биноларини ишга туширишда етакчилик қилди.
Нарх тенденциялари
Тўртинчи чоракда бирламчи ҳамда иккиламчи кўп қаватли кўчмас мулк бозорларида нархлар долларда ўсишда давом этди — мос равишда 5,7 ва 7,9%. Сўмда эса нархлар мўътадил шаклланиб, йиллик ўзгариши мос равишда -1,3 ва 0,7% бўлди.
Улар ўртасидаги тафовут алмашув курсининг октабр декабрь ойлари давомида мустаҳкамланишини кўрсатиб, сотувчиларнинг нарх белгилашда хорижий валютадаги уй қийматини миллий валютада сақлаб қолишга уриниши ва босқичма-босқич нарх кутилмалари ҳамда ҳисоб-китобларини сўмда белгилашга ўтиши билан изоҳланади.
Ижара бозорида ҳам ўхшаш тенденциялар кузатилди. Мамлакат бўйича ижара нархлари мўътадил ўсиб, йил якунида долларда 8,3% ни ташкил этди.
Тошкентда ижара нархлари учинчи чоракдан буён ижобий ўсишда давом этмоқда. Сўм қийматида нархлар ўтган йилга нисбатан деярли ўзгаришсиз шаклланиб, ижара бозоридаги таклиф даражаси талабни етарли даражада қоплай олаётганини акс эттирмоқда.
Ер участкалари сегментида Тошкент шаҳрида 100 кв.метр (1 сотих) ер майдонининг нархи декабрь ойи якунида 319 млн сўмни ташкил этди. Кўрсаткич олдинги йилнинг мос даврига нисбатан 9,4% га пасайган.
Марказий банк буни таклифдаги таркибий ўзгариш, хусусан Тошкентнинг чекка ҳудудларидаги ер таклифи ошиши (22%), шаҳар марказида эса қисқариши (-13%) билан изоҳлади.
