Ўзбекистонда алиментдан қарздорларга айрим молия-кредит хизматларидан фойдаланиш чекланади
Муаммоли кредитлар бўйича ижро ҳужжатлари асосида вужудга келган мажбуриятларни ундириш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш ихтисослаштирилган давлат ижрочиларига юклатилади.
Ўзбекистонда алиментдан қарздорларга 2026 йил 1 майдан бошлаб айрим турдаги молия-кредит хизматларидан фойдаланиш чекланади. Бу ҳақда президентнинг 30 мартдаги фармонида белгиланди.
«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш ва самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонга кўра, алимент тўловларини ундириш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда қарздорлик тўлиқ бартараф этилгунча қадар алоҳида йирик битимларни амалга ошириш, айрим турдаги молия-кредит ва давлат хизматларидан фойдаланишни чеклаш тартиби жорий этилади.
Бош прокуратура икки ой муддатда ушбу тартибни тасдиқлаш ҳамда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик мавжудлиги текширилиб амалга ошириладиган йирик битимлар, молия-кредит ва давлат хизматлари рўйхатини кенгайтиришга оид қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
МИБга қўшимча 400 та штат ажратилади
Муаммоли кредитлар бўйича ижро ҳужжатлари асосида вужудга келган мажбуриятларни ундириш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш ихтисослаштирилган давлат ижрочиларига юклатилади. Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасидан тижорат банклари томонидан молиялаштириладиган маблағлар ҳисобидан қўшимча 400 та ихтисослаштирилган давлат ижрочиси штат бирлигини ажратилади.
Тижорат банклари томонидан маблағ ажратилгунга қадар уч ой давомида келгусидаги тушумлар ҳисобидан қоплаш шарти билан ихтисослаштирилган давлат ижрочиси штат бирликларини молиялаштириш Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасидан амалга оширилади. Ихтисослаштирилган давлат ижрочиси штат бирликларини қўшимча ажратиш ёки камайтириш Бош прокурор буйруғи билан амалга оширилади.
МИБ ва Марказий банк икки ой муддатда келишилган ҳолда муаммоли кредитлар бўйича ижро ҳужжатлари асосида вужудга келган мажбуриятларни ундиришда амалга ошириладиган тўловларни ажратиш тартибини тасдиқлайди. Тўловлар МИБ ва тижорат банклари ўртасида тузиладиган шартнома доирасида белгиланади.
