Аҳоли ва тадбиркорлар банкларга қўйган депозитлар ҳажми кескин ошди
Банклардаги жами депозитлар миқдори 421,9 трлн сўмга етди. Бу бир йил аввалгидан қарийб 102,5 трлн сўмга ёки 32 фоизга кўп.
Аҳоли ва тадбиркорлар банкларга жойлаган депозитлар миқдори бир йил ичида 32 фоизга ошди. Марказий банк эълон қилган ҳисоботда маблағлар тақсимоти, миқдор ва муддатлари келтирилган.
Банкларда қанча депозит бор?
2026 йил 1 март ҳолатига кўра, банклардаги жами депозитлар миқдори 421,9 трлн сўмга етди. Бу бир йил аввалгидан қарийб 102,5 трлн сўмга ёки 32 фоизга кўп.
Хорижий валютадаги депозитлар 88 трлн сўм бўлиб, умумий қийматнинг 21 фоизига тенг.
Депозитлар жалб қилишда давлат банклари етакчилик қилмоқда. Улар бир йил ичида депозитлар миқдорини 56,7 трлн сўмга (35 фоиз) ошириб, жами қолдиқни 217,8 трлн сўмга етказган.
Хусусий банкларда ҳам сезиларли ўсиш кузатилган. Жумладан, улар жорий йил 1 март ҳолатига кўра 204 трлн сўм депозит жалб қилинган. Бунда йиллик ўсиш 45,8 трлн сўмни (29 фоиз) ташкил этган.
Банкларда аҳоли ва бизнес пуллари кескин ортган
Жорий йил 1 март ҳолатига кўра, депозитларнинг 163,9 трлн сўми аҳолидан жалб қилинган. Мазкур кўрсаткич 2025 йил мартида 123,9 трлн сўм бўлган. Бунда бир йилда жисмоний шахслар омонатлари 40 трлн сўмга (32 фоиздан ортиқ) кўпайган.
Ўз навбатида корхоналар банкларга 258 трлн сўм депозит жойлаган. Бу бир йил аввалгидан 62,5 трлн сўмга (32 фоизга) кўп.
Давлат банклари орасида Ўзмиллийбанк энг кўп депозит жалб қилган — 50 трлн сўм. Шунингдек, Агробанк (36 трлн сўм) билан Ўзсаноатқурилишбанк (31,9 трлн сўм) улуши нисбатан юқори шаклланган.
Хусусий банклар орасида Kapitalbankда депозитлар ҳажми сезиларли даражада кўп — 44,4 трлн сўм. Кейинги ўринда Ипотекабанк қайд этилган —26,6 трлн сўм.
Депозитлар муддатлари
Депозитлар муддатлари турлича бўлиб, энг катта қийматдаги маблағлар 1-йилдан кўп муддатга жойланган — 157,8 трлн сўм. Бу кўрсаткич 2025 йил 1 мартдагидан 37 трлн сўмга кўп (30 фоиздан юқори).
Талаб қилиб олингунча депозитлар ҳажми 120,6 трлн сўмга етган. Мазкур қиймат бир йил аввалгидан 27,5 трлн сўмга (30 фоизга) кўп. Бундай турдаги депозитларга қатъий чекланган муддат белгиланмайди, яъни омонатчи истаган вақтда ўз маблағларини олиши мумкин бўлади.
Кейинги ўринда ярим йилдан бир йилгача бўлган депозитлар қайд этилган — 65,3 трлн сўм. Бир йил илгари 55,6 трлн сўм бўлган.
30 кундан 180 кунгача депозитлар 57,4 трлн сўм( 2025 йил 1 мартда 40,4 тлрн сўм).
Ҳажми энг тез ўсган муддатли депозитлар 1 кундан 30 кунгача жалб қилинган — 20,6 трлн сўм. Бу бир йил олдингидан (9,4 трлн сўм) қарийб 2,2 бараварга кўп.
