Озиқ-овқат маҳсулотлари сезиларли қимматлашди — Статқўм
Нархлар ошиши йиллик ҳисобда 7,1 фоизга секинлашган. Таққослаш учун, бир йил илгари йиллик инфляция даражаси 10,3 фоиз эди.
Ўзбекистонда 2026 йил март ойида товар ва хизматлар инфляцияси 0,6 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълумот берди.
Нархлар ошиши йиллик ҳисобда (2025 йил мартига нисбатан) 7,1 фоизга секинлашган. Таққослаш учун, бир йил илгари йиллик инфляция даражаси 10,3 фоиз эди. Мартда мамлакатдаги нархлар ошиш кўрсаткичи охирги 10 йилликдаги энг паст даражага тушган.
Нималар қимматлашди?
Мартда нархлар ўсишидаги энг юқори динамика озиқ-овқат маҳсулотларида кузатилган — 1,2 фоиз. Ўз навбатида ноозиқ-овқатлар 0,3 фоиз, хизматлар нархи 0,2 фоизга ошган. Ой давомида помидор нархи бошқа маҳсулотларга нисбатан энг баланд даражада кўтарилган — 11,5 фоиз. Булғор қалампири 10 фоиз, картошка 9,8 фоиз, олма 7,4 фоиз, банан нархлари 6 фоизга ўсган.
Тухум 2,1 фоизга, суякли мол гўшти 1,8 фоиз, қўй гўшти ва суяксиз мол гўшти 1,2 фоизга қимматлашган. Балиқ 1,7 фоиз, шакар ҳам 1,7 фоиз, сут 0,3 фоиз, ун 0,6 фоиз, ўсимлик ёғи қиймати 0,9 фоизга ошган. Хизматлардан уй-жой таъмирлаш 0,9 фоиз, ижара тўлови 0,2 фоиз, тиббий лабораториялар 0,8 фоизга кўтарилган.
Хусусий боғчалар 0,8 фоиз, дори-дармон 0,7 фоиз, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш 0,9 фоиз, парковкалар 0,7 фоиз қимматлашган.
Арзонлашган товар ва хизматлар
Мартда бодринг қарийб 20,7 фоизга арзонлашган. Карам нархи 4,7 фоиз, пиёз 4,6 фоиз, сабзи 1 фоиз пасайган. Ой давомида гуруч 0,4 фоиз, парранда гўшти нархи 0,3–0,4 фоизга тушган. Ўз навбатида пропан 3,2 фоиз, бензин 0,9 фоизга арзонлашган, метан нархи февралдагидан ўзгармаган.
Авиапарвозлар 4,1 фоизга, узоқ масофага қатновчи поездлар чипталари 0,5 фоизга арзонлашган.
Қайси ҳудудда нархлар баландроқ ўсди?
Мартда республика бўйича ўртача йиллик даражадан энг юқори инфляция Фарғона вилоятида қайд этилган — 7,5 фоиз. Шу билан бирга, Хоразм (7,4 фоиз), Наманган (7,3 фоиз), Бухоро (7,3 фоиз), Сирдарё (7,2 фоиз) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (7,3 фоиз) ўртачадан баланд нархлар ўсиши кузатилган. Жиззахда эса нархлар қолган ҳудудларга нисбатан энг паст даражада ўсган — 6,4 фоиз. Қолган ҳудудларда йиллик инфляция қуйидагича бўлган:
- Қашқадарё — 7,1 фоиз;
- Навоий — 7,1 фоиз;
- Самарқанд — 7 фоиз;
- Сурхондарё — 7 фоиз;
- Андижон — 7 фоиз;
- Тошкент шаҳри — 6,9 фоиз;
- Тошкент вилояти — 6,8 фоиз.
