Ўзбекистонда картадан ўтказмалар мониторинг қилинади
Мазкур ёндашув орқали нафақат бюджет тушумларини кўпайтириш, балки иқтисодиётдаги яширин улушни камайтириш ва тизимни янада шаффоф қилишга эришиш мақсад қилинган.
Шавкат Мирзиёев рақамли таҳлил ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиб, “ақлли” назорат тизимини жорий этиш орқали жорий йилда бюджетга қўшимча 30 триллион сўм тушумни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, мазкур натижага солиқ маъмурчилигини замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш орқали эришиш мумкин. Бунда асосий эътибор иқтисодиётнинг турли соҳаларида яширин айланмаларни аниқлаш ва уларни расмийлаштиришга қаратилади.
Хусусан, савдо ва хизматлар, саноат, қурилиш ҳамда умумий овқатланиш соҳаларида P2P-операциялар мониторингини йўлга қўйиш, товарларни маркировкалаш тизимини кенгайтириш ва рақамли назоратни кучайтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, юкларни ҳужжатсиз ташиш фаолиятини автоматик аниқлаш, норасмий бандликни қисқартириб, уни расмий секторга олиб чиқиш орқали солиқ тушумларини ошириш режалаштирилмоқда.
Мазкур ёндашув орқали нафақат бюджет тушумларини кўпайтириш, балки иқтисодиётдаги яширин улушни камайтириш ва тизимни янада шаффоф қилишга эришиш мақсад қилинган.
Тақдимотда тизимни изчил ислоҳ қилиш орқали 2030 йилгача нафақат тушумларни ошириш, балки яширин иқтисодиёт улушини 28 фоиздан 19,6 фоизгача камайтириш мақсад қилингани ҳам таъкидланди.
