Ўзбекистон давлат ташкилотларида бир ходимга тўғри келадиган майдон 2 баробарга қисқартирилади
Бу 4,9 миллион квадрат метр майдонни иқтисодий оборотга киритиш, бўш турган биноларни сотувга чиқариш ёки ижарага бериш, сақлаш ва коммунал харажатларни камайтириш имконини беради.
Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга доир таклифлар тақдимоти билан танишди.
Йиғилишда ҳудудларда давлат мулкидан янада самарали фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳукумат бундай объектларни бошқаришнинг ягона тизимини босқичма-босқич жорий этишни ва давлат муассасаларида бир ходимга тўғри келадиган ўртача майдонни 27 квадрат метрдан 12−15 квадрат метргача қисқартиришни таклиф қилмоқда.
Тақдимотда қайд этилганидек, бу 4,9 миллион квадрат метр майдонни иқтисодий оборотга киритиш, бўш турган биноларни сотувга чиқариш ёки ижарага бериш, сақлаш ва коммунал харажатларни камайтириш имконини беради.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда давлатнинг иқтисодиётдаги улуши 42 фоизни, давлат иштирокидаги корхоналар сони эса 1685 тани ташкил этади. Ўтган йили қарийб 30 триллион сўмлик давлат активлари хусусийлаштирилиб, буджетга 10 триллион сўмдан зиёд тушум таъминланди. Ер участкаларини сотиш ҳажми 6 трлн сўмга етди.
Ўзбекистонда хусусийлаштиришда моддий манфаатдорлик тизими жорий этилди: натижада ҳудудлар ихтиёрида 2,6 трлн сўм, маҳаллалар ихтиёрида 7 млрд сўм маблағ қолди. Давлат корхоналари томонидан буджетга 49 трлн сўм дивиденд ўтказилган бўлса, сўнгги беш йилда уларнинг сони 60 фоизга камайган.
Шу билан бирга, йиғилишда соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам борлиги таъкидланди. Хусусан, янги мулкдорларга иш ўринларини сақлаб қолиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича талабларни кучайтириш зарур. Самарасиз ишлаётган давлат корхоналари сони ўтган йили 362 тага етган.
Шунингдек, давлат корхоналари фаолиятини таҳлил қилишда рақамли воситалар ва сунъий интеллект имкониятларидан етарлича фойдаланилмаётгани таъкидланди. 2024 йилда молиявий қийинчиликка учраган 451 та корхона 14 триллион сўм зарар кўрган бўлса, ўтган йили 362 та корхона 4 триллион сўм зарар кўрган. Бу борада улар фаолиятини чуқур таҳлил қилиш, молиявий барқарорликни баҳолашнинг янги механизмини жорий этиш, муаммоларни барвақт аниқлаш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, хусусийлаштириш жараёнида таҳлилий ёндашув ҳали етарлича қўлланилмаётгани қайд этилди. Келгусида бу ишларни тармоқ тамойили асосида — ҳар бир соҳани алоҳида таҳлил қилиб, ижтимоий-иқтисодий оқибатлар ва рақобат муҳитини баҳолаб бориш режалаштирилмоқда.
