«Барча расмий хабарлари фақат солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади». Солиқ қўмитаси фуқароларни огоҳлантирди
Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси номидан сохта электрон хатлар юборилмоқда.
Солиқ қўмитаси сўнгги пайтларда Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси номидан юборилаётган сохта электрон хатлар нафақат йирик солиқ тўловчилар, балки оддий тадбиркорларга ҳам келиб тушаётгани юзасидан огоҳлантириш берди.
Солиқ қўмитаси қатъий огоҳлантиради: ушбу хатлар мутлақо ёлғон ва фирибгарлик ҳаракати ҳисобланади.
Мазкур хатлар солиқ тизимида рўйхатдан ўтмаган бўлиб, уларнинг ичидаги ҳаволалар орқали қурилмангизга зарарли дастурлар юкланиши мумкин.
Солиқ органларининг барча расмий хабарлари фақат солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилиши айтилди.
«Агар сизга шубҳали хат келса, ундаги ҳаволаларни боcманг, файлларни очманг ва маълумотларни фақат расмий манбалар орқали текширинг. Ҳушёр бўлинг, фирибгарларга алданманг ва шахсий маълумотларингизни ҳимоя қилинг», дейилади хабарда.
