Аҳоли ва тадбиркорларнинг 88 фоизи солиқларни ихтиёрий тўлаяпти — Солиқ қўмитаси
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри, Қорақолпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилояти солиқ тўловчилари юқори натижа қайд этган.
Ўзбекистонда 2026 йил январь-март ойларида аҳоли ва корхоналарнинг 88 фоизи солиқларни ихтиёрий тўлади. Солиқ қўмитаси хабарига кўра, энг яхши натижа йирик солиқ тўловчиларда қайд этилган. Уларнинг қарийб 96 фоизи солиқ тўловларини ўз вақтида амалга оширган.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри (94 фоиз), Қорақолпоғистон Республикаси (91 фоиз) ва Самарқанд вилояти (90 фоиз) солиқ тўловчилари юқори натижа қайд этган.
Ер қаридан фойдаланганлик учун солиқ максумум даражада — 100 фоизлигича кечиктирилмай тўланган. Фойда солиғи 98 фоиз ҳолатда, аҳолидан олинадиган даромад солиғи 96 фоиз ҳолатда ихтиёрий тарзда ундирилган.
Ўз навбатида ҚҚС (91 фоиз), мол-мулк солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ (88 фоиз), акциз ва ер солиқларини (86 фоиз) ихтиёрий тўлаш даражаси ҳам юқори бўлган.
Энг паст кўрсаткич сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловида бўлиб, аҳоли ва тадбиркорларнинг 62 фоизи вақтида тўлаган.
Маълумот учун, 2025-йили республикада юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқ мажбуриятларининг ихтиёрий бажаралиши 97 фоизни ташкил этган. Бу борада энг яхши кўрсаткич йирик солиқ тўловчилар бўйича қайд этилган – 98 фоиз. Қорақолпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 97 фоизлик юқори натижа кузатилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2030-йилгача солиқ тушумлари 491,5 трлн сўмга етказилиши хабар қилинганди. Ўтган йили давлат бюджетига жами 247,8 триллион сўм солиқ тушумлари таъминланган. Бу 2024-йилдагидан 24 фоизга кўп.
