ХВЖ Ўзбекистонни фойдали давлат корхоналарини хусусийлаштириб, зарар кўраётганларини ёпишга чақирди
Жамғарма ахборот берувчиларни ҳимоя қилиш ва активларни декларациялаш билан боғлиқ «энг муҳим қонунчилик ҳужжатларини» қабул қилишни тавсия қилди.
Халқаро валюта жамғармаси миссияси якунлари бўйича ходимларнинг якуний баёноти эълон қилинди. Жамғарманинг таъкидлашича, давлат корхоналари секторини ислоҳ қилишни жадаллаштириш ялпи омил унумдорлиги ва инвестициялар ҳажмини ошириш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга, бу эса ўз навбатида иқтисодий ўсиш ва хусусий секторни ривожлантиришга хизмат қилади.
«Аксарият давлат корхоналари рақобатли секторларда фаолият юритаётгани, шунингдек, бундай бозорларда хусусий компанияларнинг самарадорлиги бўйича кўплаб илмий тадқиқотлар билан тасдиқланган афзалликларини ҳисобга олган ҳолда, рақобатли секторлардаги рентабелли давлат корхоналарини хусусийлаштириш, яшовчан бўлмаганларини эса тегишли ходимларни қўллаб-қувватлаган ҳолда тугатиш керак», — дейилади баёнотда.
Стратегик ёки рақобатсиз секторларда ишлашни давом эттираётган давлат корхоналарига нисбатан устувор йўналиш корпоратив бошқарув соҳасидаги заиф томонларни ва давлат таъсири ҳамда қўллаб-қувватлашнинг турли шакллари билан боғлиқ бўлган «юмшоқ» буджет чекловларини бартараф этиш бўлиши керак.
Асосий ислоҳотлар қаторига қуйидагилар киради:
- фойданинг бозор меъёрларига аниқ талабларни белгилаган ҳолда мулкчилик соҳасидаги сиёсатни аниқлаштириш;
- кузатув кенгашларини тайинлаш ва уларнинг фаолиятини баҳолаш тартиб-таомилларининг шаффофлигини таъминлаш;
- нотижорат фаолият билан шуғулланишни тақиқлаш, буджет ҳисобидан тўлиқ компенсация қилинадиган ҳолатлар бундан мустасно;
- хусусий сектор иштирокини кенгайтириш.
Барча давлат корхоналари учун халқаро аудит ва молиявий ҳисобот стандартларига риоя қилиш мажбурийдир.
IPO’га тайёрланаётган Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг институционал инвесторларни жалб этиш ҳамда давлат корхоналаридаги ислоҳотларни жадаллаштириш борасидаги муваффақияти аниқ ваколатларнинг мавжудлиги, операцион мустақиллик ва давлат корхоналарини қайта қуриш учун етарли салоҳиятга боғлиқ бўлади.
Ислоҳотлар
ХВЖ бошқарув, меҳнат бозори ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳаларидаги ислоҳотларни амалга оширишга эътиборни қаратишга чақирди.
«2017 йилдан буён бошқарув кўрсаткичлари яхшиланган бўлсада, давлат бошқаруви тизимини мустаҳкамлаш, маблағларни сарфлаш самарадорлигини ошириш ва инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш учун энг муҳим қонун ҳужжатларини, хусусан, ахборот берувчиларни ҳимоя қилиш ва активларни декларациялаш бўйича қонун ҳужжатларини тасдиқлаш ва самарали амалга ошириш зарур», — дейилади ташкилот хабарида.
Ўз навбатида, меҳнат бозори ислоҳотлари асосий таркибий муаммоларни, жумладан, аёлларнинг меҳнат фаолиятида иштирок этиш даражасининг пастлиги, норасмий бандлик даражасининг юқорилиги ва малакали кадрлар етишмаслигини бартараф этишга қаратилиши лозим.
Энергия самарадорлигини ошириш, углерод изини камайтириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш жараёнини тезлаштириш мақсадида иқлим соҳасидаги мақсадларни давлат инвестицияларини бошқариш тизимига янада яқинроқ интеграция қилиш зарур.
Бозорни тартибга солишни янада кучайтириш ва рақобатни рағбатлантириш самарадорликни ошириш ва хусусий секторни ривожлантиришга кўмаклашиш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Тармоқ регуляторлари фаолиятини фаоллаштириш, асосий тармоқларда эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва ЖСТ билан боғлиқ ислоҳотларни якунлаш хусусий инвестициялар ҳажмини ошириш ва рақобатни кучайтиришга ёрдам беради, дея хулоса қилди фонд.
