Тошкент учун 500 млн долларлик евробонд чиқариш таклиф қилинди
Тадбиркорлар муаммоларини тезкор кўриб чиқиш учун Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Шавкат Мирзиёев Тошкент иқтисодиётида юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, мавжуд захираларни тўлиқ ишга солиш ҳамда тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш юзасидан ўтказган йиғилишда пойтахтда ностандарт таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида охирги икки ҳафта давомида 23 мингдан зиёд тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилгани, 1 300 дан ортиқ муаммо аниқлангани ҳамда бизнес 162 та янги таклиф ва ташаббус билдиргани маълум қилинди. Бу таклиф ва муаммоларнинг бирортаси ҳам эътибордан четда қолмаслиги кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, пойтахтда махсус инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини жорий қилиш орқали янги тажриба яратилади. Бу қуйидагиларни назарда тутади:
- бизнес учун рухсатнома ва лицензиялар бериш ваколатини тегишли вазирлик ва идоралардан уларнинг ҳудудий бўлинмаларига тушириш;
- экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашнинг янги ёндашувларини жорий этиш;
- тадбиркорларнинг логистика билан боғлиқ муаммоларини тезкор ҳал қилиш тизимини йўлга қўйиш;
- айланма маблағ билан таъминлаш ва бизнесни кенгайтириш учун қулай шартларда янги молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш.
Тадбиркорлар муаммо ва таклифларини тезкор ҳал қилиш учун алоҳида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш таклиф қилинди.
Унинг зиммасига туманларни драйвер соҳалар асосида ривожлантириш, иқтисодий ва ижтимоий конъюнктурани доимий мониторинг қилиш, ўсиш нуқталари ва фойдаланилмаётган захираларни аниқлаш, тизимли тўсиқларни бартараф этиш, ғоя ва ташаббусларни шакллантириш, уларни молиялаштириш ва ижросини назорат қилиш вазифалари юкланади.
Барча имкониятларни сафарбар қилиб, қўшимча 88 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, $4,9 млрдлик экспортни таъминлаш ва $5 млрд инвестиция жалб қилиш, буджетга 2,9 трлн сўм тушум таъминлаш, 65,5 мингта юқори даромадли ва доимий иш ўринлари ташкил этиш бўйича аниқланган янги захираларни ишга солиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, жорий йилда Тошкентга қўшимча $500 млн жалб қилиш мақсадида пойтахт евробондларини чиқариш таклиф қилинди.
Пойтахт тадбиркорларини Тошкент, Навоий, Қашқадарё, Андижон, Бухоро ва Фарғона вилоятларидаги йирик саноат корхоналари билан боғлаб, маҳаллийлаштириш ва кооперацияни кенгайтириш бўйича дастур тасдиқлаш топширилди.
Келгусида йирик халқаро консалтинг компанияларини жалб этган ҳолда пойтахт иқтисодиётини чуқур таҳлил қилиш ва ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
