Тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувлар чекланади
2026 йил 1 июлдан амалдаги функцияларига қўшимча равишда янги имкониятларга эга Ягона давлат назорати ахборот тизими ва унинг мобил иловаси ишга туширилади.
17 апрель куни президентнинг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва назорат тадбирларининг шаффофлигини оширишга қаратилган фармони қабул қилинди.
Унга кўра, 2026 йил 1 июлдан амалдаги функцияларига қўшимча равишда янги имкониятларга эга Ягона давлат назорати ахборот тизими ва унинг мобил иловаси ишга туширилади.
Унда қуйидагилар бўлади:
- тадбиркор фаолият юритадиган жойдаги туман (шаҳар) ҳокими, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари ҳақида маълумот олиш ва уларга мурожаат қилиш (чат) тизимини яратиш;
- ўтказилган текширувлар ва назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотлар натижаси бўйича давлат хизматчиси хатти-ҳаракатларига баҳо бериш;
- текшириш ҳуқуқи бўлмаган ёки текширувга чиқиши белгиланмаган назоратчи ҳақида реал вақт режимида тадбиркорни хабардор қилиш ва бошқалар.
1 августдан бошлаб Ягона давлат назорати тизимида Бизнес ҳимоя QR-коди жорий этилади. У тадбиркорлар фаолиятидаги барча текширувларни, шу жумладан, қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган текширувлар ва профилактика тадбирларини рўйхатга олишни ва назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотларни ҳисобга олади.
Шу билан бирга, назорат қилувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мансабдор шахслари ва ходимлари (давлат хизматчиси) ҳамда тадбиркорлар ўртасида назорат тадбири ҳисобланмайдиган мулоқотни тизимда ҳисобга олинади.
