Ўзбекистонда банклар энди карталардаги маблағларни «нолгача» ечиб ололмайди
Кредитлар ва бошқа мажбуриятлар сўндирилганда картада камида БҲМнинг 3 баравари (1 млн 236 минг сўм) миқдорида маблағ қолиши шарт.
Ўзбекистондаги банклар энди банк карталаридан маблағларни «нолгача» ечиб ололмайди — минимал қолдиқ миқдори жорий этилмоқда.
Uzcard тўлов тизимининг хабар беришича, 15 апрелдан бошлаб молиявий ташкилотлар томонидан кредитлар, муддатли тўловлар (рассрочка), микроқарзлар ва бошқа мажбуриятлар ҳисобига маблағларни акцептсиз ечиб олишда картада камида БҲМнинг 3 баравари миқдори (1 млн 236 минг сўм) қолиши шарт.
Акцептсиз ечиб олиш — бу маблағларни ҳар бир операция учун алоҳида тасдиқсиз картадан автоматик равишда ечиб олиниши бўлиб, у, одатда, банклар ва бошқа молиявий ташкилотлар олдидаги мажбуриятларни бажариш (масалан, кредитлар, муддатли тўлов ёки микроқарзлар бўйича) учун қўлланади ва тўлов интизомининг бир қисми ҳисобланади.
Бу шуни англатадики, ҳатто қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда ҳам, ечиб олиш фақат белгиланган чегарадан ортиқча бўлган сумма доирасида амалга оширилади ва карта баланси ноллаштирилмайди. Тўлов тизими иштирокчи банклар билан биргаликда зарур техник янгиланишларни аллақачон жорий этди.
Бироқ бу қоида мижознинг ўзи карта реквизитларини киритиб, тўловни бир марталик код (OTP) билан тасдиқлаган ҳолатларга тааллуқли эмас — бундай вазиятларда маблағ тўлиқ ҳажмда ечиб олиниши мумкин.
Чеклов тўлов тизимлари даражасида ўрнатилмоқда. Ҳозирги вақтда Uzcard ушбу янгилик ҳақида расман эълон қилди, шу билан бирга, яқин орада Humo тизимидан ҳам худди шундай хабар берилиши кутилмоқда.
