Ўзбекистон уй-жой бозори эскроу ҳисобварақлар жорий этилиши арафасида рекордни янгилади
Мартда уй-жой олди-сотди битимлари сони 43,6 мингтага етди — бу 2020 йил июнида кўчмас мулк хариди учун «прописка» бекор қилинган вақтдаги аввалги рекорддан ҳам юқори янги максимум.
2026 йилнинг март ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида фаолликнинг кескин ўсиши қайд этилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳида сўз боради.
Уй-жой олди-сотди битимлари ҳажми 43,6 мингтага етиб, февраль ойига (29,7 минг) нисбатан 47 фоизга кўпайди.

Марказ маълумотларига кўра, фаолликнинг бундай кескин ўсиши қисман 1 апрелдан кучга кирган эскроу ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китоб қилишга ўтиш билан боғлиқ. Янги тартиб талабни рағбатлантириб, битимларнинг бир қисмини эртароқ муддатга кўчиришга сабаб бўлиши мумкин эди. Бошқача айтганда, апрель ойида амалга оширилиши керак бўлган битимларнинг бир қисми март ойига кўчирилган.
Ой якунларига кўра, фаолликнинг ўсиши мамлакатнинг барча ҳудудларида қайд этилди. Энг юқори ўсиш суръатлари Сирдарё (+64,6%), Жиззах (+73,2%) ва Наманган (+63%) вилоятларида кузатилди.
Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси каби бошқа бир қатор ҳудудларда, шунингдек, Тошкент вилояти ва пойтахтда ўсиш 40−50 фоиз атрофида бўлди.
Барча битимларнинг қарийб 34 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда уларнинг сони бир ой ичида 44 фоизга ошиб, тахминан 12,8 мингтага етди.
Нархлар
Март ойида республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида нархлар бир ойда 0,4 фоизга ўсди. Йиллик ҳисобда ўсиш тахминан 10% ни ташкил этди.
Йил давомида нархларнинг энг сезиларли қимматлашиши Сирдарё (+22%), Самарқанд (+18,7%) ва Андижон (+17,6%) вилоятларида қайд этилди.
Уй-жой қимматлиги бўйича пойтахтдан кейин иккинчи ўринни Самарқанд вилояти эгаллаб турибди — бир квадрат метри учун тахминан 909 доллар (нарх бир ойда 3,6 фоизга ва бир йилда 18,7 фоизга ошган). Тошкент вилоятида бу кўрсаткич 681 долларни ташкил этди: ўсиш бир ойда 2,1% ва бир йилда 5% ни ташкил қилди.
Умумий ўсишга қарамай, март ойида айрим ҳудудларда февраль ойига нисбатан нархларнинг пасайиши кузатилди. Улар қаторига Наманган (-4,6%), Фарғона (-1,5%), Қашқадарё (-1,1%), Хоразм (-0,7%) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси (-0,7%) киради.
Шу билан бирга, йиллик ҳисобда барча ҳудудларда нархларнинг ўсиши кузатилмоқда.

Тошкентдаги нархлар
Тошкентда нархлар динамикаси иккиламчи бозорда анча мўътадил, янги қурилган уйлар сегментида эса яққолроқ намоён бўлмоқда.
Иккиламчи бозорда бир квадрат метрнинг ўртача қиймати бир йил ичида хорижий валютада 5 фоизга ошиб, 1124 долларни ташкил этди. Нархлар энг тез Миробод (+7,3%), Мирзо Улуғбек (+7,2%) ва Чилонзор (+6,9%) туманларида кўтарилди.
Бирламчи бозорда ўсиш йиллик ҳисобда 8,8 фоизни ташкил этди. Бу борада Мирзо Улуғбек (+15,5%), Миробод (+14,9%) ва Юнусобод (+14,6%) туманлари етакчилик қилди.
Таққослаш учун: 2025 йил март ойида пойтахтда «иккиламчи» бозор уйларининг ўртача қиймати йиллик ҳисобда 5,7 фоизга, янги қурилган уйлар нархи эса 3,7 фоизга пасайган эди.
Марказий банкнинг 2025-йилги шарҳида Тошкентда квартиралар нархи долларда ошгани, бироқ сўмда деярли ўзгаришсиз қолгани қайд этилган.
Ижара яна қимматлашмоқда

Март ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг ўртача нархи бир квадрат метр учун тахминан 8,9 долларни ташкил этди. Бу февраль ойига нисбатан 2,7 фоизга, бир йил аввалгига қараганда эса 10,8 фоизга юқоридир.
Энг юқори ставкалар марказий туманлар — Миробод, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Мирзо Улуғбекда сақланиб қолмоқда (бир кв. м учун тахминан 11 доллар).
Шу билан бирга, йил давомида ижара ставкаларининг энг тез ўсиши Яшнобод (+18,9%), Мирзо Улуғбек (+14,3%) ва Яккасарой (+12,5%) туманларида қайд этилди.
