Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
Умумий инфляция пасайишда давом этиб, йил якунига прогнозларга кўра 6,5 фоизгача секинлашиши кутилмоқда. Шу билан бирга, нархларнинг барқарорлашув жараёнлари сустлашиб, бунга таъсир кўрсатувчи ташқи омилларнинг кучайиши кузатиляпти.
Иқтисодий фаолликнинг жадаллашуви, юқори ялпи талаб ва ташқи иқтисодий муҳитдаги ноаниқликлар фонида инфляцияни 5 фоизлик таргет даражасига барқарор пасайтириш мақсадида қатъий пул-кредит шароитларини давом эттириш лозим деб топилди.
2026 йил март ойида умумий инфляция прогноз доирасида йиллик 7,1 фоизгача пасайди. Ушбу пасайиш, асосан, айрим товарлар бўйича ўтган йилги юқори база таъсирлари чиқиб кетиши ҳисобига шаклланди. Базавий инфляция 5,7 фоизни ташкил этди.
Иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар ҳам март ойида пасайишда давом этган бўлсада, инфляциянинг прогноз кўрсаткичларидан юқори даражада шаклланмоқда. Сўнгги ойлардаги инфляциянинг кенг қамровли пасайишининг секинлашиши ҳамда жорий инфляция тенденциялари иқтисодиётда маълум бир инфляцион босимлар сақланиб қолаётганини намоён этмоқда.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунлари бўйича умумий инфляция 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Жорий йилнинг И чорагида иқтисодий фаоллик жадаллашиб, ялпи ички маҳсулот реал ҳисобда 8,7 фоизга ўсди. Бунда хизматлар, қурилиш, савдо соҳалари фаоллашуви иқтисодиётда ялпи талаб омиллари устуворлигини кўрсатмоқда.
Мамлакатга жалб этилаётган инвестициялар, жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг барқарор ошиб бораётгани келгуси чоракларда ҳам иқтисодий ўсиш омилларини қўллаб-қувватлашда давом этади.
Мазкур омилларни инобатга олиб, 2026 йил учун иқтисодий ўсиш бўйича прогнозлар 7-7,5 фоизгача оширилди.
Ташқи иқтисодий шароитда геосиёсий зиддиятларнинг кучайиши фонида жаҳон бозорида нефть ва озиқ-овқат нархларининг ошиши бўйича хатарлар кучаймоқда. Бу, шунингдек, логистика ва ташиш харажатларининг ортиши билан бирга келгусида импорт нархлари орқали ички инфляцияга қўшимча босим яратиши мумкин.
Шу билан бирга, асосий савдо ҳамкор давлатлар валюталарининг мустаҳкамланаётгани, олтин нархининг юқори даражада сақланиб қолаётгани, экспорт тушумлари ва пул ўтказмаларининг барқарор ўсиши ички валюта бозоридаги таклифни қўллаб-қувватламоқда.
Иқтисодиётда реал ҳисобда ижобий фоиз ставкалар аҳолининг жамғаришга бўлган мойиллигини қўллаб-қувватлашга ҳамда кредитлаш суръатларининг мўътадиллашувига хизмат қилмоқда.
Юқоридаги омилларни инобатга олган ҳолда, жорий пул-кредит шароитлари сақлаб қолиниши инфляцияни таргет даражасигача барқарор пасайтириш ва инфляцион кутилмаларни жиловлаш имконини беради.
Марказий банк инфляция динамикаси, инфляцион кутилмалар, ялпи талаб ва ташқи хатарларни диққат билан кузатиб боради. Умумий инфляцияга оширувчи омиллар кучайиши ва инфляцион кутилмаларнинг ўсиши натижасида инфляция таргет даражасига эришишнинг кечикиш хатари юзага келган тақдирда пул-кредит шароитларининг етарли даражада қатъийлиги таъминланади.
Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инфляцияни 5 фоизлик мақсадли даражагача пасайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлашга қаратилган бўлиб қолади.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 17 июнь кунига белгиланган.
