Банкларга мижозларга шикастланган банкнота бериш тақиқланди
Янги меъёрларга кўра, жисмоний шахслар учун валюта операциялари билан боғлиқ имкониятлар кенгайтирилди.
Марказий банк валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритди.
Жумладан, банкларга бироз шикастланган (тешик, доғ, сийқаланган) банкнотларни қайта муомалага чиқаришни тақиқловчи янги банд қўшилди. Бундай купюралар бошқа мижозларга қайта берилмасдан, кейинчалик инкассация қилиш/алмаштириш учун банк томонидан муомаладан олиниши лозим.
Янги меъёрларга кўра, жисмоний шахслар учун валюта операциялари билан боғлиқ имкониятлар кенгайтирилди: энди улар, фуқаролигидан қатъи назар, банк ҳисобварағи орқали бир-бирига шахсий мақсадларда (носавдо тусдаги) пул ўтказмаларини амалга ошириши мумкин.
Қандай пуллар тўловга яроқсиз ҳисобланади ва қабул қилинмайди?
Банкнот юзасининг 55 фоизидан кам қисми сақланиб қолган пуллар “тўловга яроқсиз” ҳисобланади ва улар савдо шохобчаларида қабул қилинмайди. Шунингдек, пул олди-бердисида банкнотларнинг тегишли ҳимоя белгиларига эга бўлишига жиддий эътибор қаратиш зарур. Банкнотдаги унинг номинал қийматини акс эттирувчи ёзув ва рақамларни ўзгартириш орқали ҳосил қилинган “қалбаки”, “сохта” пулларга алданиб қолмаслик зарур.
