Ўзбекистонда депозит ставкалари сўнгги 4 йиллик минимумгача пасайди
Айни пайтда давлат иштирокидаги банклар ўсиш суръатлари бўйича хусусий банкларни ортда қолдириб, аҳоли омонатлари бозоридаги ўз улушини оширмоқда.
Ўзбекистонда депозит ставкалари сўнгги тўрт йилдаги энг паст даражага тушди, айни пайтда давлат банклари аҳоли омонатлари бозоридаги улушини оширмоқда.
Март ойи якунларига кўра, миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача номинал ставка февраль ойига нисбатан 0,9 фоиз бандига пасайиб, 18,1 фоизни ташкил этди. Бу — 2022 йил март ойидан (18 фоиз) бери қайд этилган энг паст кўрсаткич.
Аҳоли омонатлари бўйича ўртача ставка бир ой ичида деярли ўзгармади ва 20,5 фоизни (+0,1 фоиз банди) ташкил этди, бироқ ўтган йилнинг март ойига нисбатан 1,6 фоиз бандга камайди. Шу билан бирга, март ойида корпоратив депозитлар қиймати кескин пасайиб, 15,5 фоизгача (-1,8 фоиз банди) пасайди.
Фоиз ставкаларининг пасайиши фонида депозитларнинг умумий ҳажми ўсишда давом этди. Март ойида депозитлар ҳажми 12,1 трлн сўмга кўпайиб, 1 апрель ҳолатига кўра 433,9 трлн сўмга етди. Ўсишга корпоратив депозитлар асосий ҳисса қўшди — улар 10 трлн сўмга ошган бўлса, аҳоли омонатлари 2,05 трлн сўмга кўпайди.
Энг кўп маблағ оқими Ўзбекистон Миллий банки (+3,36 трлн сўм), «Ипотекабанк» (+1,56 трлн сўм) ва Tengebank’да (+1,16 трлн сўм) қайд этилди.
Шу билан бирга, хусусий банкларнинг аҳолидан омонатларни жалб этишдаги фаоллиги пасаймоқда, давлат банклари эса ўз мавқеини мустаҳкамламоқда. Март ойида бу йўналишда депозит базасининг ўсиши «Агробанк» (+606 млрд сўм), «Ўзсаноатқурилишбанк» (+447 млрд сўм) ва Ўзмиллийбанкда (+412 млрд сўм) ҳам кузатилди.
Айни пайтда саккизта хусусий банк, жумладан, бозорнинг йирик иштирокчилари жисмоний шахслардан жалб қилинган депозитлар ҳажмини қисқартирди: «Ипотекабанк» — 139 млрд сўмга, Ҳамкор Банк — 49 млрд сўмга, TBC Bank — 101 млрд сўмга, Tengebank — 87 млрд сўмга, Octobank — 184 млрд сўмга. Бунда ушбу банкларнинг барчаси умумий депозит базасини юридик шахсларнинг омонатлари ҳисобига оширган.
Динамикага кўра, Ўзбекистондаги омонатлар бозори давлат банклари томонига силжимоқда: илгари хусусий банклар депозит базасини тезроқ оширган бўлса, ҳозирда давлат иштирокидаги банклар етакчиликни қўлга киритяпти.
Таққослаш учун: 2023 йилнинг март ойида давлат иштирокидаги банклар йиллик ҳисобда (2022 йилнинг мартига нисбатан) аҳоли омонатларини 18,5 трлн сўмга оширган бўлса, хусусий банклар бу кўрсаткич 22,1 трлн сўмни ташкил этган эди.
Жорий йилнинг март ойи якунларига кўра, вазият ўзгарди: давлат банклари аҳолининг депозит базасини 23,44 трлн сўмга оширди, хусусий банклар эса — 13,3 трлн сўмга.
Икки йил аввал хусусий банклардаги (50,5 трлн сўм) аҳоли омонатлари ҳажми давлат банклари (38 трлн сўм) кўрсаткичларидан 32,9 фоизга кўп эди, ҳозирда бу фарқ 7,4 фоизгача қисқарди (мос равишда 85,9 трлн сўм ва 80 трлн сўм).
Шу билан бирга, депозитларнинг умумий ҳажми (жисмоний ва юридик шахслар маблағларини ҳисобга олган ҳолда) бўйича давлат иштирокидаги банклар ҳали ҳам етакчиликни сақлаб келмоқда — 221,75 трлн сўм, хусусий банкларда эса бу кўрсаткич 212,2 трлн сўмни ташкил этади.
