Апрел ойида сўм курси қандай ўзгарди?
Апрелда долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 1,9 фоизга пасайди. Курснинг ўртача кунлик тебраниши 0,24 фоизни ташкил этди.
Апрел ойида Ўзбекистонда долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 1,93 фоизга ёки 235,92 сўмга пасайиб, 12 210,71 сўмдан 11 974,79 сўмга арзонлашди.

Ой давомидаги 22 та савдо сессиясининг 9 тасида АҚШ доллари сўмга нисбатан мустаҳкамланган бўлса, 13 та савдо сессиясида тескари ҳолат кузатилди. Апрел ойида долларнинг энг минимум қиймати 30 апрел куни қайд этилди – 11 974 сўм. 9 апрель куни доллар курси ойлик максимум — 12 228 сўмга етди.
Агар март ойи охирида банкларнинг долларни сотиб олиш бўйича энг яхши таклифи 12 170 сўмдан, сотиш бўйича эса 12 215 сўмдан бошланган бўлса, 30 апрел куни энг яхши харид курси 11 960 сўм, сотиш курси эса 11 990 сўмни ташкил этди.
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ёзишича, апрел ойида танлаб олинган 39 та валюталарнинг фақатгина учтаси долларга нисбатан қадрсизланган. Ой давомида долларга нисбатан энг юқори мустаҳкамланган валюта рубл – 8,1 фоиз (29 апрел ҳолатига). Шунингдек, ой давомида тенге 5,1 фоиз, юан 1 фоизга ўз қадрини оширган. Шунингдек, йирик валюталардан евро 1,6 фоизга, фунт 2 фоизга, франк 1,4 фоизга ҳамда иена 0,2 фоизга мустаҳкамланган.

Манба: Mirkonomika Телеграм канали
«Ой давомида сўмнинг мустаҳкамланиши апрел ойида чиқарилган қимматли қоғозлар (1 млрд доллар экв.), асосий меҳнат бозоримизда валюта курси юқори мустаҳкамланишининг таъсири, олтинсиз экспортдаги юқори ўсиш (биринчи чоракда 25 фоиз ўсиш кузатилган) каби омиллар билан изоҳланади», дея қайд этган иқтисодчи.
Апрел ойида сўмнинг кунлик тебранувчанлиги 0,24 фоизни ташкил этиб, март ойига нисбатан 33 фоизга кенгайган. Лекин 2025 йил май-сентябр ойларига нисбатан сезиларли паст шаклланишда давом этяпти.

