Ўзбекистонда биринчи чоракда кузатилмайдиган иқтисодиёт ҳажми камайди
Хуфиёна сектор 33,35 трлн сўмга баҳоланмоқда, бу ЯИМнинг 7,5 фоизига тенгдир.
Биринчи чоракда Ўзбекистонда кузатилмайдиган иқтисодиёт ҳажми сезиларли даражада қисқарди, дейилади Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида.
2026 йилнинг январь март ойлари якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажми қарийб 447,9 трлн сўмга етиб, реал ҳисобда ўсиш 8,7% ни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2022 йилдан буён энг юқори суръатни қайд этди.
Кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ялпи қўшилган қиймати 102,68 трлн сўмни ташкил этди. Унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ўтган йилги 24,8% дан 22,9% га камайди.
Кузатилмайдиган иқтисодиёт норасмий ва яширин иқтисодиётга бўлинади. Норасмий иқтисодиёт, яъни уй хўжаликлари ва жисмоний шахслар фаолиятининг ҳажми 69,12 трлн сўмни ёки ЙИМнинг 15,4% ини ташкил қилди (2025 йилнинг биринчи чорагида — 23,6%). Хуфиёна сектор 33,35 трлн сўмга баҳоланмоқда, бу ЯИМнинг 7,5% ига тенгдир (2025 йилда — 8,4%).
Кузатилмайдиган иқтисодиётнинг энг катта улуши анъанавий равишда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигига тўғри келади — жами ҳажмнинг 81,1% и. Улардан кейин сезиларли фарқ билан хизмат кўрсатиш соҳаси (24,5%) ва қурилиш (23,9%) бормоқда. Саноатда яширин иқтисодиёт улуши 6,7% ни ташкил этади.
Кузатилмайдиган иқтисодиётнинг энг кўп қисқариши қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қайд этилди. Бу асосан норасмий иқтисодиётнинг кичрайиши билан боғлиқ.
