Асосий мазмунга ўтиш
9 август · Якшанба USD 11 915,64 ▲ +0,2% EUR 13 749,46 ▲ +0,2% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Бир ойда эскроу тизими орқали қанча битим расмийлаштирилди?

Марказий банк хабарига кўра, эскроу ҳисобварақлари орқали кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдиси бўйича битимлар сезиларли даражада фаоллашган.

Фото: Марказий банк

2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда кўчмас мулк ва чиққанига 10 йилдан ошмаган автомобиллар олди-сотди жараёнида ҳисоб-китобларнинг янги тартиби жорий этилди.

Эндиликда бундай битимлар банк орқали эскроу ҳисобварақдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Бу шуни англатадики, энди пул харидордан сотувчига тўғридан тўғри ўтказилмайди. Битимга қўшимча иштирокчи — банк жалб қилинади. Бунда банк маблағларни сақлаб туради ва битим якунланмагунча уларни томонларнинг бирортасига ҳам ўтказмайди.

Марказий банк хабарига кўра, 1 апрелдан 7 майгача бўлган даврда эскроу ҳисобварақлари орқали кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдиси бўйича битимлар сезиларли даражада фаоллашди.

Ҳисобот даврида жами 40 767 та битим расмийлаштирилган бўлиб, шундан 23 804 таси транспорт воситалари, 16 963 таси эса кўчмас мулк олди-сотдисига тўғри келди.

Ҳудудлар кесимида энг юқори фаоллик Тошкент шаҳрида — 11 679 та, Фарғона вилоятида — 3940 та ҳамда Самарқанд вилоятида — 3614 та битим билан қайд этилди.

Кучли бешликни 3128 та битим билан Андижон ҳамда 2856 та битим билан Наманган вилоятлари якунлади.

Регулятор томонидан қайд этилишича, эскроу механизми олди-сотди жараёнларида ҳисоб-китобларнинг хавфсизлиги, шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлашга хизмат қилмоқда.