Депутатлар Марказий банк мустақиллигини кучайтиришга оид қонун лойиҳасини маъқуллади
Қонун лойиҳаси билан Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини мажбурий келишиш тартибини соддалаштириш таклиф этилмоқда.
Қонунчилик палатаси мажлисида Марказий банк фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг мустақиллиги ва банк тизими барқарорлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа билан Марказий банк, унинг ҳудудий бош бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятини текшириш Сенат қарори асосида ёки қонунда назарда тутилган ҳолларда амалга ошириш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан Марказий банкнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини мажбурий келишиш тартибини соддалаштириш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, кредит ташкилотлари учун пруденциал нормативлар, корпоратив бошқарув ва таваккалчиликларни бошқариш тизимига оид ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини енгиллаштириш назарда тутилган.
Шу билан бирга, қонун лойиҳаси билан молия бозорида юзага келадиган фавқулодда вазиятлар шароитида тезкор ҳуқуқий чоралар кўриш мақсадида МБнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини кучга киришига оид қоидалар белгиланмоқда.
Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси банк тизимидаги таваккалчиликларни самарали бошқаришда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.
