Ўзбекистонда маркетплейслар орқали товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахслар ҳам ҚҚС тўлаши белгиланмоқда
Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиришга кўра, электрон савдо платформалари орқали Ўзбекистонга товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахсларини ҚҚС тўловчиси сифатида эътироф этиш белгиланмоқда. Сенатда тегишли қонун маъқулланди.
Ўзбекистонга электрон савдо платформалари орқали товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахсларини ҚҚС тўловчи сифатида белгилаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги қонун 18 май куни Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида маъқулланди.
Ҳужжат билан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига электрон тижорат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун билан Солиқ кодексига ва «Электрон тижорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонуннинг асосий мақсади, трансчегаравий электрон тижоратда солиқ тушумлари йўқотилишининг олдини олиш, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда маҳаллий ва хорижий сотувчиларга тенг рақобат муҳитини яратишга қаратилган.
Қайд этилишича, сўнгги 8 йилда Ўзбекистонда электрон тижорат ҳажми 20 баробарга (1,3 млрд доллар) ўсиб, электрон тижорат платформалари 90 тадан ортган.
Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, электрон савдо платформалари орқали республикага товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахсларини ҚҚС тўловчиси сифатида эътироф этиш белгиланмоқда.
Қайд этилишича, халқаро курьерлик жўнатмалари орқали 2024 йилда 167,5 млн долларлик товарлар импорт қилинган бўлиб, 400 минг жисмоний шахс жами 3 млн 294 минг 200 та буюртмани амалга оширган. Шундан 1994 нафари қарийб 2 млн долларлик 100 дан ортиқ буюртмага эга бўлган.
Ялпи мажлисда Wildberries Ўзбекистонда WB INT EXPORT МЧЖ ташкил этиб, фаолият юритаётгани ва Ташкилот томонидан 2022 — 2024-йиллар учун жами 51,2 млрд сўм (шундан 42,8 млрд ҚҚС) солиқ тўлангани маълум қилинди.
Шунингдек, «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунга рақамлаштириш ва електрон савдо тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, «электрон савдо платформаси», «буюртмалар агрегатори оператори», «буюртмалар агрегатори», «рақамли стриминг хизмати», «рақамли стриминг хизмати оператори» ва «трансчегаравий электрон тижорат» каби янги тушунчалар киритилмоқда.
Электрон савдо платформа операторига нисбатан маълумотларнинг тўғрилигини текшириш, шахсий маълумотлар махфийлигини таъминлаш, тўловларни амалга оширишда ахборот ва киберхавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва бошқа шу каби мажбуриятлар ҳамда жавобгарлик ҳам белгиланмоқда.
Шунингдек, трансчегаравий электрон тижоратнинг ҳамда тўловларни қилишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилаш жорий этилмоқда. Бунда, электрон тижорат иштирокчилари ҳисоб-китобларни фақат алоҳида банк ҳисобварақлари орқали амалга оширади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
