Рақобат ва реклама қоидабузарлиги ҳақида хабар берганларни пул мукофоти билан рағбатлантириш таклиф этилмоқда
Пул мукофотининг миқдори қонунбузарлик учун Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига келиб тушган жарима суммасининг бюджетга ажратмалардан қолган қолдиқ миқдоридан келиб чиқиб белгиланмоқда.
Ўзбекистонда рақобатга қарши келишувлар ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилгани ҳақидаги маълумотларни ваколатли органга тақдим этган шахсларни рағбатлантириш таклиф этилмоқда. Тегишли низом лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Низомга кўра, ушбу соҳадаги қонунбузилиши ҳақида маълумот оғзаки, ёзма, электрон ахборот тизимлари орқали ва ишонч телефонлари орқали тақдим этилади.
Пул мукофотининг миқдори қонунбузарлик учун Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига келиб тушган жарима суммасининг бюджетга ажратмалардан қолган қолдиқ миқдоридан келиб чиқиб белгиланмоқда.
Бунда:
- рақобатга қарши келишувлар амалга оширилганлиги учун жамғармага ундирилган маблағнинг 3 фоизи миқдорида, аммо базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан (41,2 млн сўмдан) ортиқ бўлмаган миқдорда;
- реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги учун жамғармага ундирилган маблағнинг 10 фоизи миқдорида, аммо БҲМнинг 10 бараваридан (4млн 120 минг сўмдан) ортиқ бўлмаган миқдорда пул мукофоти берилиши кутилмоқда.
Аноним мурожаатлар ҳам қўмита томонидан таҳлиллар ўтказишда асос сифатида фойдаланилиши ва кўриб чиқилиши мумкин, бироқ бундай ҳолатларда рағбатлантириш чораси қўлланилмайди.
Бир қонунбузилиш ҳолати бўйича бир вақтнинг ўзида бир нечта шахслар томонидан маълумотлар тақдим этилган бўлса, вақт нуқтаи назаридан олдин маълумот тақдим этган шахс рағбатлантирилади.
Лойиҳа муҳокамаси 3 июнгача давом этади.
