Ипотека кредити бўйича солиқ имтиёзлари автоматик равишда қайтарилади
Шунингдек, солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади.
Президентнинг солиқ органлари фаолиятини институционал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш бўйича фармони қабул қилинган эди. Фармонга кўра, 2027 йилдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича солиқ ваколатли органларнинг солиқ органларига тақдим этган маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқарилади.
Солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади.
Жисмоний шахсларнинг ипотека кредитларини қоплашга йўналтирилган даромадлари бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш проактив тартибда амалга оширилади. Бунда имтиёз қўллаш натижасида юзага келган ортиқча сумма жисмоний шахснинг мурожаатига асосан 10 иш куни ичида қайтарилади.
Келгуси йилдан йирик солиқ тўловчиларни аниқлашнинг янги мезони жорий этилади.
Сўнгги 12 ойда тўланган солиқлар, йиғимлар, давлат божи ва солиқ бўлмаган тўловлар ҳажми БҲМнинг 500 минг бараваридан (2,06 млрд сўм) ошган корхоналар ҳамда тижорат банклари ўта йирик солиқ тўловчи деб тан олинади.
2026/2027-ўқув йилидан бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрлаш мақсадида Солиқ қўмитаси ҳузурида Солиқ олий мактаби ташкил этилади.
2027 йил 1 январдан солиқ соҳасида алоҳида ташаббус кўрсатган, солиқ тизими ривожига ҳисса қўшган шахсларни рағбатлантириш мақсадида Солиқ хизмати фидойиси кўкрак нишони таъсис этилади.
