Солиқ базасини кўчмас мулк объектлари бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартиби белгиланди
Кўчмас мулк объектларининг бозор нархи кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида махсус ваколатли орган томонидан аниқланади.
Ҳукумат қарори билан “Солиқ базасини айрим товарларнинг бозор нархидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низом Солиқ кодексига мувофиқ солиқ базасини кўчмас мулк объектлари ҳамда ёғоч маҳсулотларининг бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш тартибини белгилайди.
Низом талаблари солиқ тўловчилар томонидан сотилган товарларнинг ҳисоб ҳужжатларида акс эттирилган нархи шундай товарлар бўйича аниқланган бозор нархидан 20 фоиздан паст ёки юқори ҳолатда қўлланади.
Низомга кўра, солиқ органлари солиқ базасини аниқлашда таққосланадиган бозор нархлари усулидан фойдаланади.
Кўчмас мулк объектларининг бозор нархи кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида махсус ваколатли орган томонидан аниқланади.
Солиқ органлари солиқ базасини бозор нархидан келиб чиққан ҳолда аниқлашда қуйидаги маълумотлардан ҳам фойдаланиши мумкин:
- нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими;
- аукцион ва давлат харидлари платформалари;
- сотувчиларнинг нархномалари (прейскурант) маълумотлари ва бошқалар;
Товарларнинг бозор нархи биржа савдоларида сотилаётган айнан ўхшаш (улар мавжуд бўлмаганда, бир турдаги) товарлар нархларидан келиб чиқиб аниқланади.
