Марказий банк ипотека омонати механизмини ишлаб чиқмоқда
Бу орқали фуқаролар уй-жой учун маблағ жамғариш ҳамда субсидия муддатини узайтириш имконига эга бўлади.
Ўзбекистонда ипотека омонатини жорий этишга тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда 12 май куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Ипотека ва уй-жой дастурларини молиялаштириш ва ҳисобини юритиш бўлими бошлиғи Жавоҳирбек Амонов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Марказий банк томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда мақсадли ипотека омонати механизмини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу тартибни жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб синов тарзида ишга тушириш кўзда тутилган.
Урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека дастурларини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Расул Хамидовнинг қўшимча қилишича, ипотека омонати механизмини жорий қилишда кўплаб хорижий давлатлар, жумладан, Германия, Франция каби мамлакатлар тажрибаси ўрганилган, «бироқ, улардан тўғридан тўғри нусха олинмаган».
Хамидов ушбу амалиётнинг асосий мақсади келгусида уй-жой харид қилиш истагида бўлган аҳолининг бўш турган пулларини омонат сифатида жамғариш орқали уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
«Биласиз, бугунги кунда ипотека субсидияси учун берилган хабарномалар тўрт ойдан кейин ўз кучини йўқотади, агар фуқаролар ипотека омонатини ўзига зарур бўлган маблағ билан тўлдирса, унга қўшимча имконият берилиб, хабарномаси уй топиб олгунга қадар бир йил давомида амал қилади. Бундан ташқари, бир йил давомида давлат бюджетидан ажратилган субсидияга ҳам, ўзи қўйган пулига ҳам омонат шаклида бозор ставкасида фоиз ҳисобланади. Мисол учун, бугун қўйган пули бир йилдан кейин кўпайиб, ипотека кредити олишга имконият яратади», — деди Расул Хамидов.
Шунингдек, у мамлакатда Ипотекани кафолатлаш жамғармасини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. Мазкур тизим орқали бошланғич бадал учун етарли маблағи мавжуд бўлмаган фуқароларга қўшимча кафолат тақдим этиш кўзда тутилган.
Бунда банклар давлат жамғармаси орқали кафолатланган маблағларни жалб қилиш имконига эга бўлади. «Бу ҳам ипотека кредити расмийлаштириш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади», — дея хулоса қилди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқармаси бошлиғи.
Февраль ойида қабул қилинган президент фармонига кўра, жорий йилнинг июль ойигача жамғармани ташкил этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда вазирлик ва идоралар билан келишиш топширилган. Октабргача ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак. Жамғарма фаолияти учун халқаро молия институтларидан $30 млн кредит маблағлари жалб қилинади.
