Ўзбекистонда хорижий компаниялар сони 20 мингтага яқинлашди
Хитой орадаги фарқни оширишда давом этмоқда, Озарбайжоннинг фаоллиги ҳам сезиларли даражада ошган.
1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда хорижий инвестициялар иштирокида 19 490 та компания фаолият юритмоқда. Бу Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида келтирилган. Йил бошидан буён ўтган тўрт ой ичида уларнинг сони 1326 тага ёки 7,3% га кўпайди. Йиллик ҳисобда ўсиш қарийб 3,5 мингта компанияни (+21,7%) ташкил қилди.
Корхоналарнинг асосий қисми тўлиғича хорижий таъсисчиларга тегишли — ҳозирда бундай компаниялар 15063 тани (+26%) ташкил этмоқда. Шу билан бирга, қўшма корхоналар сони ҳам босқичма-босқич ўсишда давом этиб, май ойи бошига келиб 4427 тага етди.
Хитой бошқа давлатлардан илгарилаб боришда давом этмоқда. Айни пайтда мамлакатда хитойлик инвесторлар иштирокида 5615 та компания фаолият юритмоқда — бу йил бошига нисбатан 571 тага ва ўтган йилнинг май ойига қараганда 1735 тага (44,7%) кўп.
Таққослаш учун, Россия сармояси иштирокидаги фирмалар сони бир йил ичида атиги 8,4% га ўсиб, 3308 тага етган. Шунга қарамай, Россия қўшма корхоналар сони бўйича етакчиликни сақлаб қолмоқда — Хитойда бу кўрсаткич 788 та бўлса, Россияда 909 тани ташкил этади.
Кучли учликдан Туркия ҳам ўрин олган — 2216 та фирма. Бу январь ойидаги даражадан 79 тага ва ўтган йилги кўрсаткичдан 252 тага (+12,8%) кўпдир. Қозоғистон ҳам шунга ўхшаш ўсиш суръатини намойиш этди — бир йилда 13% га ўсиш билан компаниялар сони 1259 тага етди.
Жанубий Корея капитали иштирокидаги компаниялар сони 721 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг май ойидаги даражадан 8,4% га, йил бошидагидан эса 4% га ошди. Олтинчи ўринни 656 та фирма (-3%) билан Афғонистон эгаллаган бўлса, еттинчи ўринга 452 та компания билан Озарбайжон жойлашди — бу ўтган йилгига нисбатан 62,6% га кўп.
Шунингдек, ўнталикка 437 та фирма (+27,4%) билан Тожикистон, 427 та компания (+21,3%) билан БАА ва 405 та фирма (+26,5%) билан Ҳиндистон кирди. Аввалроқ ўнинчи ўринни эгаллаб турган АҚШ 356 та фирма билан 12-поғонага тушиб кетди — бу Қирғизистонга қараганда тўрттага кам.
Хорижий инвесторларни қизиқтираётган соҳалар орасида савдо етакчилик қилишда давом этмоқда — қарийб 7 мингта компания. Яна 3,86 мингта фирма саноат, 1598 таси қурилиш ва 1536 таси ИТ соҳасида фаолият юритади.
