Ўзбекистонда импорт материаллардан маҳсулот чиқариш учун божлар камайтирилади
Бож суммаси олиб кирилган хомашёнинг божхона қийматидан ва (ёки) ишлаб чиқариш меъёрларига мувофиқ қайта ишланган маҳсулот миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Вазирлар Маҳкамаси божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида ишлаб чиқарилган товарлар учун божхона тўловларини ҳисоблаш тўғрисидаги низомни тасдиқлади.
Низом божхона ҳудудида қайта ишлаш режимини расмийлаштирган ҳолда олиб кирилган материаллардан маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг божхона қийматини ҳисоблаш тартибини белгилайди. Унинг асосида божлар ва бошқа тўловлар миқдори белгиланади.
Умумий қоидага кўра, бож суммаси олиб кирилган хомашёнинг божхона қийматидан ва (ёки) ишлаб чиқариш меъёрларига мувофиқ қайта ишланган маҳсулот миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Бож қайта ишланган маҳсулотдан уни эркин муомала режимига чиқаришда ундирилади. Бож миқдори божхона тарифи билан белгиланган ставкалар билан белгиланади ва фойдаланилган хомашё ҳамда материалларнинг келиб чиқиш мамлакатига боғлиқ бўлмайди.
Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия манфаатдор вазирликлар ва бошқа давлат идоралари таклифлари асосида, ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё импорти учун божхона тўловлари суммаси тайёр маҳсулот божидан ошиб кетадиган товарлар рўйхатини («тариф инверсияси») тузади.
Тадбиркорлик субъектлари товарларни ушбу рўйхатга киритиш учун аризаларни Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги орқали топширишлари мумкин.
Таклифларга мамлакатда товар ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалари ёки бунинг учун салоҳият тўғрисидаги ахборот, шу жумладан қайта ишлаш нормалари, улар учун ҳисоб-китоблар ва жараёнларнинг техник-иқтисодий асосланиши илова қилиниши керак.
Комиссия таклифни тақдим этилгандан кейин 15 иш куни ичида кўриб чиқади. Материаллар учун божлар суммаси тайёр импорт учун бождан ортиқ бўлган товарларнинг янгиланган рўйхатлари ҳар ойнинг 5-санасига қадар тасдиқланади.
Импорт материаллардан ишлаб чиқарилган товарларга божхона божи уларнинг умумий божхона қийматини тайёр маҳсулот учун бож ставкасига кўпайтириш йўли билан ҳисобланади.
Божхона тўловлари бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар импорт материаллардан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ҳам татбиқ этилади. Янги тартиб 2027 йил 1 мартгача тажриба тариқасида амал қилади.
