Дунё иқтисодий харитаси қандай ўзгаради?
2031 йилга бориб жаҳоннинг энг йирик иқтисодиётлари ўртасидаги кучлар мувозанати сезиларли даражада ўзгариши кутилмоқда. Халқаро валюта жамғармаси прогнозларига кўра, бу даврда энг катта иқтисодий ўсишни Ҳиндистон намоён этади.
Visual Capitalist инфографикасида 2026, 2028 ва 2031 йиллардаги номинал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми бўйича дунёнинг 15 та энг йирик иқтисодиёти келтирилган. Маълумотлар ХВЖнинг 2026 йил апрель ойида янгиланган “Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари” ҳисоботига асосланган.
Прогнозларга кўра, АҚШ ва Хитой яқин йилларда ҳам жаҳон иқтисодиётида мутлақ етакчиликни сақлаб қолади. Ҳар икки давлат иқтисодиёти 2031 йилга қадар тахминан 6,6 триллион долларга ўсиши мумкин. Бу АҚШ учун қарийб 20 фоиз, Хитой учун эса 32 фоизлик ўсишни англатади.
Шунга қарамай, Хитой иқтисодиёти 2031 йилда 27,5 триллион долларга етса ҳам, у ҳали ҳам АҚШ иқтисодиётидан тахминан 11,5 триллион долларга кичик бўлиб қолади. Айни вақтда Хитой дунёдаги навбатдаги энг йирик иқтисодиётдан деярли тўрт баробар катта бўлиши кутилмоқда.

Мутахассислар АҚШ ва Хитой келгуси йилларда жиддий ички муаммоларга дуч келишини таъкидламоқда. АҚШда сиёсий қутблашув ва давлат қарзи ортиб бормоқда. Хитой эса аҳоли сони қисқариши ва экспортга боғлиқ иқтисодиёт сабаб узоқ муддатли ўсиш суръатлари секинлашиши хавфига юз тутмоқда.
Ҳиндистон эса келажакда жаҳон иқтисодиётининг янги суперкучига айланиши мумкин. ХВЖ прогнозларига кўра, мамлакат иқтисодиёти 2031 йилга қадар 63,5 фоизга ўсади ва бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлади.
Тахминларга кўра, Ҳиндистон 2028 йилга бориб Япония ва Буюк Британияни ортда қолдириб, ЯИМ ҳажмини 5 триллион доллардан оширади. 2031 йилга келиб эса Германияни ҳам қувиб ўтиб, 6,8 триллион долларлик иқтисодиётга айланиши мумкин.
1,4 миллиарддан ортиқ аҳолига эга Ҳиндистон учун бу ўсиш глобал иқтисодий тартибдаги ўзгаришлар рамзи сифатида баҳоланмоқда. Мамлакат компанияларининг халқаро бозорда рақобатбардошлиги ҳам ортиб бормоқда.
Ҳисоботда Россия иқтисодиётига оид прогнозлар ҳам келтирилган. Қайд этилишича, 2016–2026 йиллар оралиғида Россия иқтисодиёти икки баробардан кўпроқ ўсган ва йирик иқтисодиётлар орасида юқори суръатларни кўрсатган. Бироқ 2031 йилга келиб Россия номинал ЯИМ ҳажми қисқарадиган ягона йирик иқтисодиёт бўлиши мумкин.
Прогнозларга кўра, Россия иқтисодиётининг секинлашиши натижасида Бразилия, Канада ва Мексика уни жаҳон рейтингида ортда қолдиради. Мутахассислар буни мамлакатнинг углеводород экспортига юқори даражада боғлиқлиги, меҳнат унумдорлигининг паст ўсиши ҳамда Ғарб давлатлари санкциялари билан изоҳламоқда.
