Ўзбекистонда чакана ва улгуржи савдода қанча пул айланаётгани очиқланди
Мамлакатда 101,2 мингта корхона чакана савдо соҳасида фаолият юритмоқда. Шундан 558 таси йирик, 100,6 мингтаси кичик корхона ва микрофирмалар ҳисобланади.
Мамлакатда чакана ва улгуржи савдо айланмаси ҳажми тўрт ойда 320 трлн сўмдан ошди. Статистика қўмитаси бу кўрсаткич бир йил аввалгидан сезиларли даражада юқори эканини маълум қилди.
Чакана савдо ҳажми кескин ўсган
2026 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 101,2 мингта корхона чакана савдо соҳасида фаолият юритмоқда. Шундан 558 таси йирик, 100,6 мингтаси кичик корхона ва микрофирмалар ҳисобланади.
Январь-апрель ойларида республикада чакана савдодаги товар айланмаси ҳажми 165,86 трлн сўмга етган. Бу 2025 йил мос даврига нисбатан қарийб 22,9 фоизга кўп.
Тўрт ой давомида йирик корхоналар савдо айланмаси 29,5 трлн сўмни (ўсиш суръати 26,1 фоиз), кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари “оборот”i 113,8 трлн сўмни ташкил этди (ўсиш 21,3 фоиз).
Ҳудудлар кесимида Қорақалпоғистонда савдо ҳажми энг тез ўсган — 37,5 фоиз. Энг паст даражадаги ўсиш суръати Тошкент вилоятида кузатилган — 4,6 фоиз.
Улгуржи савдо ҳажми
Май ойи бошида мамлакатда 57,3 мингта улгуржи савдо корхоналари фаолият юритаётгани қайд этилган. Шундан 517 таси йирик бўлса, 56,8 мингтаси кичик корхоналардир.
Январь-апрель ойларида улгуржи савдода товар айланмаси 155,9 трлн сўмни ташкил этган. Мазкур кўрсаткич 2025 йил мос даврига нисбатан 12,7 фоизга юқори.
Тўрт ой давомида йирик корхоналарнинг улгуржи савдо айланмаси 44,8 трлн сўм (ўсиш 9,9 фоиз), кичик бизнес субъектлариники эса 111,1 трлн сўм бўлган (ўсиш 13,9 фоиз).
Улгуржи савдо айланмаси ҳажмидаги энг тез ўсиш Фарғона вилоятида (25,2 фоиз), энг секин ўсиш Наманган вилоятида (5,6 фоиз) қайд этилган.
Умумий овқатланиш корхоналари кўрсаткичлари
2026 йил 1 май ҳолатига кўра, мамлакатда 32,2 мингдан ортиқ умумий овқатланиш корхоналари (кафе, ресторан ва бошқалар) фаолият юритмоқда. Шундан йириклари 266 та, кичиклари 32 мингтани ташкил қилган.
Январь-апрель ойларида улар савдо айланмаси 69,8 трлн сўмга етган (ўсиш 7,2 фоиз). Савдо айланмасининг 79,8 фоиз улуши кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келган.
