Тадбиркорларга микрокредит гаровсиз қисми 1 июлдан 200 млн сўмгача оширилади
Кредит олиш учун ариза бериш ҳамда мазкур ариза бўйича бир нечта банкларнинг таклифларини олиш имконини берувчи рақамли молиявий платформа ишга туширилади.
Ўзбекистонда 2026 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорларга микрокредитнинг гаровсиз қисми икки баравар оширилади. Бу ҳақда президентнинг “Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга доир навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида аввал микрокредитдан фойдаланган ва ижобий кредит тарихига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига микрокредитнинг гаровсиз қисми 100 млн сўмдан 200 млн сўмгача оширилади.
Ҳужжатга кўра, қуйидагилар мақсад қилинган:
- кичик ва ўрта бизнес субъектларига ажратиладиган кредитлар портфелини 3 бараварга ошириб, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 20 фоизга чиқариш;
- банклар томонидан таъминотсиз онлайн микрокредитларни ўртача 1 соат ичида ажратиш имконини яратиш ва ушбу микрокредитлар улушини 60 фоизга чиқариш;
- кредит тарихига эга бўлмаган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш.
2026 йил 1 июлга қадар кредит олиш учун ариза бериш ҳамда мазкур ариза бўйича бир нечта банкларнинг таклифларини олиш имконини берувчи рақамли молиявий платформа ишга туширилади. Бунда кичик ва ўрта бизнес субъектларига тааллуқли маълумотлар “Рақамли ҳукумат” тизимининг рақамли маълумотлар платформасидан беғараз олинади ва банкларга тақдим этилади.
Платформада қайта ишланган ва тақдим этилган маълумотлар асосида банклар ўзларининг ички қоидаларидан келиб чиқиб, тижорат таклифларини кичик ва ўрта бизнес субъектларига танлаб олиш ва фойдаланиш учун тақдим этади.
2026 йил 1 декабрдан бошлаб сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда платформа доирасида муқобил скоринг модели жорий этилади.
Шавкат Мирзиёев 25 май куни кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда молиявий хизматлар оммабоплигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишганида юқоридаги таклифлар билдирилганди.
Бугунги кунда кичик ва ўрта бизнесга ажратилган кредитлар портфели 218 триллион сўмни ташкил этмоқда. Бу ялпи ички маҳсулотга нисбатан 12 фоизга тенг. Шу билан бирга, онлайн тарзда ажратилаётган таъминотсиз микрокредитлар улуши кам. Таъминотсиз онлайн микрокредит ажратиш жараёни ўртача 7 кунгача вақт олмоқда. Тадбиркор кредит олиш учун бир нечта банк таклифларини бир жойда кўриш, солиштириш ва ўзига мақбул шартларни танлаш имкониятига эга эмас. Шу сабабли президент тақдимотда билдирилган таклифларни маъқуллаганди.
