Солиқ қўмитаси 102,5 млрд сўм ижтимоий кешбэкни қайтаришни вақтинча тўхтатди
Қўмита нима сабабдан “Солиқ” мобил иловасида оммавий равишда “шубҳали фойдаланувчи” мақоми пайдо бўлаётганига изоҳ берди.
Солиқ қўмитаси апрель учун бериладиган 102,5 млрд сўм ижтимоий кешбэкни қайтариш вақтинча тўхтатилганини эълон қилди. Қўмита нима сабабдан “Солиқ” мобил иловасида оммавий равишда “шубҳали фойдаланувчи” мақоми пайдо бўлаётганига изоҳ берди.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахсларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида, чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга оширган фуқароларга 9 та маҳсулот (қўй, парранда ва мол гўшти маҳсулотлари, тухум, ўсимлик ёғи, ун, шакар, дори воситалари ва тиббий хизматлар) хариди учун 1 фоиз кешбэк ўрнига, харид суммасидан тўланган ҚҚС қайтариш белгиланган. Бироқ, қўмита айрим фуқаро ва “тадбиркор”лар орасида мазкур тизимни нотўғри талқин қилиб, билиб-билмай ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраётганини билдирди.
Мазкур йўналишда келиб тушган маълумотлар асосида қўмитанинг Комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан 4 май куни “Бюджет маблағларини асоссиз сарфланишини олдини олиш ҳамда нотўғри кешбэк тақдим этаётган корхоналарнинг шубҳали фаолияти тўғрисида” дастлабки таҳлил ўтказилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ҳамда Солиқ бошқармаси Комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида Андижон вилоятида бир гуруҳ шахслар томонидан “Солиқ» мобил иловаси орқали 35,1 млрд сўм маблағлар кешбэк сифатида талон-тарож қилингани фош этилди.
Шунингдек, Солиқ қўмитаси Комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан биргаликда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги фуқароларга 9 турдаги маҳсулот ва хизматларни реализация қилган ҳамда айрим шубҳали ҳолатларни амалга оширган 649 та корхоналар 2025—2026-йиллар давомида 36,8 трлн сўм маблағни ОНКТдан ўтказиб, 771,1 минг нафар фуқарога 347,9 млрд сўм кешбэк тўлаб берилгани ўрганилмоқда.
Ҳозирда корхоналардан сохта чеклар орқали ҚҚСни қайтариб олмоқчи бўлган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги 204,1 минг нафар шахслар шубҳали харидорлар реестрига киритилди. Натижада, мазкур шахсларга 2026 йил апрель ойи учун бериладиган 102,5 млрд сўм ижтимоий кешбэкни қайтариш вақтинча тўхтатилди.
