Телефон рақами орқали банк ҳисобварақлари ўртасидаги ўтказмалар қандай ишлайди?
Фойдаланувчи банк иловасида битта телефон рақамига фақат битта ҳисобварақни боғлаши мумкин бўлади.
Марказий банк Тезкор тўловлар тизими (ТТТ) орқали телефон рақами бўйича пул ўтказмалари тўғрисидаги қарор лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида эълон қилинди.
Қарорда жисмоний шахсларнинг банк ҳисобварақлари ўртасида ТТТда транзакцияларни амалга ошириш қоидалари белгиланмоқда. Тизим орқали тўловларни амалга ошириш учун фойдаланувчи ўзининг банк ҳисобварағини (22616) Ўзбекистон мобил операторларидан бирининг телефон рақамига боғлаши лозим бўлади.
Битта телефон рақамига фақат битта ҳисобварақ бириктирилиши мумкин. Боғланган ҳисобварақларнинг ҳисоби Банк депозиторларининг миллий маълумотлар базасида юритилади.
Ҳисобварақни телефон рақамига боғлаш бўйича аризалар банкларнинг мобил иловалари орқали қабул қилинади. Хизматдан фақат терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролини яратишда айбланаётган шахслар рўйхатига киритилмаган фуқаролар фойдалана олади.
Миллий маълумотлар базаси ҳисобварақ муваффақиятли боғланган тақдирда, сўров юборилган банкка махсус код тақдим этади. Бу код банк иловасидаги мижознинг ҳисоб қайдномасида мажбурий тартибда акс эттирилади.
ТТТ орқали пул ўтказмалари ҳам мобил илова орқали, ҳам банк офисида жўнатувчининг тўлов топшириқномаси асосида амалга оширилиши мумкин.
Жўнатувчининг банки ТТТга жўнатувчи томонидан тақдим этилган телефон рақами ёки боғлов коди кўрсатилган идентификация сўровини юборади. Бунга жавобан ТТТ пул ўтказилиши режалаштирилаётган ҳисобварақ эгаси ва унга хизмат кўрсатувчи банк ҳақидаги маълумотларни қайтаради.
Агар ўтказма турли банклардаги ҳисобварақлар ўртасида амалга оширилса, жўнатувчи бенефициар-банкни танлаши ва пул олувчининг банк реквизитларини олиши мумкин бўлади. Жўнатувчининг банки ўз томонидан талаб қилинадиган реквизитларни техник ҳужжатга киритади ва уни ТТТга жўнатади.
Агар ўтказма битта банк ичидаги ҳисобварақлар ўртасида амалга оширилса, у банк ичидаги тўлов сифатида ўтказилади.
Транзакцияни бажариш учун жўнатувчига пул олувчининг исми ҳамда хизмат учун комиссия миқдори ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш талаб қилинади. Ўтказма жўнатувчи ва олувчининг банки томонидан якуний тасдиқлангандан сўнг амалга оширилади.
Жўнатувчи ўтказма тасдиқлангани ҳақида ҳужжат олади. Унда хизматга оид маълумотлар, жумладан, қуйидагилар кўрсатилади:
- сана ва вақт;
- транзакциянинг ноёб рақами (BID);
- жўнатувчи ва олувчининг исмлари, шунингдек, уларнинг ҳисобварақ рақамлари;
- олувчининг телефон рақами ёки коди;
- ўтказма суммаси ва комиссия миқдори;
- қонунчиликда талаб этиладиган бошқа маълумотлар.
Ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси 13 июнгача давом этади.
