«Муаммоли кредитлар — банк тизими учун табиий ҳолат» — Тимур Ишметов
МБ раисига кўра, Ўзбекистон банк тизимида муаммоли кредитлар таваккалчилик, эскирган кредитлаш модели, корпоратив кредитларнинг юқори концентрацияси ва бошқа омиллар таъсирида юзага келмоқда.
Ўзбекистон банк тизимида муаммоли кредитлар таваккалчилик, эскирган кредитлаш модели, корпоратив кредитларнинг юқори концентрацияси ва бошқа омиллар таъсирида юзага келмоқда. Айни пайтда уларнинг умумий кредит портфелидаги улуши (3 фоиз) нисбатан паст даражада. Бу ҳақда регулятор раҳбари Тимур Ишметов 13 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида маълум қилди.
Сенатор Нусратулла Пардаев муаммоли кредитлар масаласига эътибор қаратиб, бугунги кун ҳолатига уларнинг умумий ҳажми 22 трлн сўмни ташкил этаётганини таъкидлади.
«Банклар ушбу муаммоли активлар бўйича захиралар шакллантириши лозим. Бу эса иқтисодиётга йўналтирилиши мумкин бўлган молиявий ресурсларнинг банк тизимида музлаб қолишига сабаб бўляпти», — деди у.
Сенатор Тимур Ишметовдан МБ муаммоли кредитлар даражасини молиявий барқарорлик нуқтаи назаридан қандай баҳолаши ҳамда уларнинг банкларнинг кредитлаш ёки иқтисодиётни молиялаштириш имкониятларига салбий таъсири бор ёки йўқлиги билан қизиқди. Шунингдек, регулятор муаммоли кредитлар ҳажмини қисқартириш бўйича қандай амалий ишлар олиб бораётгани ҳақида сўради.
Тимур Ишметов саволга жавоб берар экан, муаммоли кредитлар ҳар қандай банк тизими учун табиий ҳолат эканини, бу борада асосий эътибор уларни хавфсиз чегарада ушлаб туришга қаратилиши кераклигини таъкидлади.
«Муаммоли кредитлар — банк тизими учун табиий ҳолат. Асосий вазифа — уларнинг даражасини бошқариладиган ва хавфсиз чегарада сақлаб қолиш. Бу ҳеч қачон йўқ бўлмайди: муаммоли кредитлар доим ундирилиб келинади банклар томонидан, лекин барибир янги муаммоли кредитлар пайдо бўлади», — деди у.
Регулятор раҳбарининг тушунтиришича, бунга асосий сабаб — ҳар қандай кредитлаш фаолиятининг таваккалчиликка асосланганидир. Масалан, тадбиркорлик фаолиятини кредитлашни олиб қаралса, тадбиркорликнинг ўзи ҳам муайян даражада таваккалчиликка асосланади. Тадбиркор қатъий бизнес режа асосида ишлашга қанчалик уринмасин, унинг ўзига боғлиқ бўлган ва боғлиқ бўлмаган омиллар таъсирида ишлар ҳар доим ҳам режадагидек кетмаслиги мумкин. Ана шундай ҳолатлар ортидан муаммоли кредитлар юзага келади.
«Шунинг учун бу (муаммоли кредитлар — таҳр.) азалдан тадбиркорликда, банк ва тадбиркорлар орасидаги муносабатларда доим учраб турадиган табиий ҳодиса. Бизнинг вазифамиз, айтиб ўтганимдек, рискларини олдиндан баҳолаб, уларни паст даражада сақлаб қолиш», — деди Тимур Ишметов.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кундаги муаммоли кредитлар даражасини абсолют рақамда эмас, умумий кредит портфелига нисбатан улуш сифатида баҳолаш мақсадга мувофиқ.
«Биздаги даражани абсолут рақамда эмас, умумий портфелга нисбатан улуш сифатида қарайдиган бўлсак, 3 фоиз атрофида сақланиб қолиши — нисбатан паст ҳисобланади», — дея таъкидлади у
МБ раиси муаммоли кредитларга таваккалчиликдан ташқари тизимнинг ўзидаги айрим камчиликлар ҳам сабаб бўлишини тан олди.
«Шу билан бирга, банк тизимининг ўзида айрим камчиликлар ҳам бор. Буни тан олишимиз керак. Бизда эскирган кредитлаш модели сақланиб қолиши, қайсидир маънода, банкларнинг хатарларни бошқариш механизмлари нуқтаи назаридан самардорлик даражасига ҳам саволлар бор деб айтсак, тан олсак адолатдан бўлади», — деди Тимур Ишметов.
Шу билан бирга, унинг қайд этишича, айрим банкларда йирик корпоратив кредитларнинг концентрацияси юқорилиги, иқтисодиятнинг айрим тармоқларида мавжуд муайян заифликлар ва бошқа бир қатор омиллар муаммоли кредитларнинг даражасига таъсир кўрсатади.
«Яна бир марта айтаман: бизда муаммоли кредитларнинг даражаси кредитлаш фаолиятини чеклайдиган ёки таҳдид яратадиган даражада эмас. Умуман банк тизимида капитал ва ликвидлик даражалари етарли захираларга эга ҳамда соф муаммоли кредитларнинг 80 фоизи захиралар билан қопланган», — дея таъкидлади МБ раиси.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йилдан бошлаб регулятор халқаро экспертлар билан бирга банк тизимида хатарларни бошқариш, ички аудит тизимларини такомиллаштириш бўйича 2−3 йилга мўлжалланган дастурни ишга туширган. Дастур банкларга услубий кўрсатмалар бериш, ходимларини қайта ўқитиш каби йўналишларни ўз ичига олади.
Қолаверса, муаммоли активлар билан ишлаш бўйича МБнинг ўзида ҳам алоҳида бўлинма ташкил этилган, дея маълум қилди регулятор раҳбари. Бўлинма фаолияти нафақат юзага келган муаммоли кредитлар билан ишлаш, балки қайси тармоқ ва соҳалардаги заифликлар муаммоли кредитлар даражасига энг кўп таъсир кўрсатиши масалаларини ўрганишга қаратилган. Шу билан бирга, регулятор йирик қарздорлар фаолиятини таҳлил қилиб, муаммоли кредитлар юзага келиш эҳтимоли нуқтаи назаридан банкларга олдиндан тегишли сигналлар бериш тизимини йўлга қўйган.
Тимур Ишметов, шунингдек, имтиёзли кредитларга ҳам тўхталиб, уларнинг умумий кредит портфелидаги улушини камайтириб бориш масаласи ҳам кўриб чиқилаётганини билдирди.
«Бундан ташқари, имтиёзли кредитлар. Ўтган беш-олти йилда имтиёзли кредитларнинг кредит портфелидаги улушини камайтириб борган бўлсак, кейинги йилларда ҳам босқичма-босқич камайтириб бориш орқали банкларнинг активлари сифатига ижобий туртки бериш масаласини ҳам кўриб чиқяпмиз», — дея хулоса қилди Тимур Ишметов.
МБ раҳбарининг сўзларига кўра, молиявий хатарларни олдиндан аниқлаш ва муаммоли активлар билан тизимли ишлашга 2025 йилда регуляторнинг диққат марказида бўлган. 2025 йил якунларига кўра, муаммоли кредитларнинг умумий кредит портфелидаги улуши 2024 йилги кўрсаткичга нисбатан 1 фоиз бандга — 3 фоизгача камайган. Ҳозирда банк тизимидаги кредитларнинг 85 фоизи стандарт тоифасига киритилган. «Умуман олганда, 2025 йил активлар сифатини назорат қилишда оддий мониторингдан фаол бошқарув ёндашувига ўтиш даври бўлди», — деди Тимур Ишметов.
Унинг сўзларига кўра, кредит тўловларини кечиктиришнинг тизимли сабабларини бартараф этиш мақсадида муаммоли кредитлар билан ишлаш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган. Мазкур гуруҳ муаммоли кредитлар ҳолатини ҳудудлар, тармоқлар ва йирик қарз олувчилар кесимида чуқур таҳлил қилиб боради.
«Асосий мақсадимиз — муаммол кредитлар улишини паст даражада сақлаб қолиш билан бир қаторда қарз олувчиларда юзага келиши мумкин бўлган молиявий қийинчиликларни эрта босқичда аниқлаш механизмларини жорий этиш», — дея таъкидлади МБ раиси.
