Тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашган мансабдорлар жаримага тортилиши мумкин
Қонун лойиҳаси билан бизнесга ноқонуний аралашган ёки ноқонуний текширув ўтказганларни 33 млн сўмгача жаримага тортиш таклиф этилмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш ва бу каби ҳолатлар учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилган қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ҳужжат билан тадбиркорларни ноқонуний текширув ўтказиш, текширув тартибини бузиш ҳамда бизнес фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш учун алоҳида маъмурий жавобгарлик чораларини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Бундай иш учун мансабдор шахслар ва хизматчиларга БҲМнинг 40 бараваридан 80 бараваригача (16,48 млн сўмдан 32,96 млн сўмгача) миқдорда жарима қўллаш таклиф этилмоқда.
Агар бу каби ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилса, БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача (82,4 млн сўмдан 123,6 млн сўмгача) миқдорида жарима ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.
Лойиҳага кўра, давлат органлари мансабдор шахслари ва масъул ходимларининг тадбиркорлик эркинлиги кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиши учун жавобгарлик белгиланади.
Шунингдек, тадбиркорларда текширув ўтказиш тартибини бузганлик ҳолатларини аниқлаш ва жавобгарликни қўллашнинг автоматлаштирилган механизмларини жорий этиш режалаштирилган.
Бундай тартибни бузганлик учун БҲМнинг 10 баравари (4,12 млн сўм) миқдорида жарима жорий этилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, Жиноят кодексидан текширув ўтказиш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик чиқариб ташланиб, унинг ўрнига тадбиркорлар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жиноий жавобгарлик киритилиши таклиф этилмоқда.
Ташаббускорларнинг таъкидлашича, қонун қабул қилиниши тадбиркорликка асоссиз аралашувларни камайтириш, бизнеснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 30 июнга қадар давом этади.
