Жаҳон банки Ўзбекистонда қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш учун 150 млн доллар ажратади
Дастурнинг умумий бюджети 340 млн долларни ташкил этиб, Жаҳон банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва Ўзбекистон ҳукумати маблағларини ўз ичига олади.
Жаҳон банки Ўзбекистонга имтиёзли молиялаштириш шаклида $150 млн ажратилишини маъқуллади. Ушбу маблағлар «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» дастурининг иккинчи босқичини амалга оширишга йўналтирилади.
Дастур мамлакатнинг олтита вилоятидаги қишлоқ ҳудудларида жамоат инфратузилмаси ва хизматларни яхшилашга ёрдам беради.
Ўзбекистонда кўплаб қишлоқларда инфратузилма етишмаслиги тадбиркорлик ва иш ўринлари яратилишини чекламоқда. Муаммони ҳал этиш учун 2019 йилда Жаҳон банки ва ОИИБ кўмагида «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» дастури бошланди.
Дастурнинг биринчи босқичи жорий йилнинг июнь ойида якунланиб, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги 306 та олис қишлоқ маҳаллаларини қамраб олди.
Ушбу маҳаллаларда маҳаллий аҳоли томонидан танланган ва уларнинг назорати остида амалга оширилган 900 дан ортиқ инфратузилма лойиҳалари ҳаётга тадбиқ этилди.
Улар қаторига йўллар ва кўприклар, сув ва электр таъминоти тизимлари, мактаблар, боғчалар ҳамда бошқа объектларни қуриш ва модернизация қилиш ишлари киради. Мазкур лойиҳалардан қарийб 1 млн нафар қишлоқ аҳолиси манфаатдор бўлди.
Дастурнинг иккинчи босқичи Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги 296 та олис қишлоқ маҳаллаларида амалга оширилади.
Дастурнинг умумий бюджети $340 млнни ташкил этиб, Жаҳон банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) ва Ўзбекистон ҳукумати маблағларини ўз ичига олади.
2031 йилгача дастур йўллар, ичимлик суви ва электр таъминоти тизимлари ҳамда бошқа жамоат хизматларинининг яхшиланишидан қарийб 1,2 миллионга яқин қишлоқ аҳолиси, жумладан, 600 минг аёл ва 300 минг нафар ёш манфаатдор бўлади.
15 та пилот маҳаллада бизнесни ривожлантириш марказлари ташкил этилади. Улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва кичик ишлаб чиқариш соҳаларида банд бўлган маҳаллий тадбиркорларга молиявий хизматлар, янги билим ва бозор имкониятларидан фойдаланишга ёрдам беради. Ушбу чора-тадбирлар қарийб 1500 та тўғридан-тўғри иш ўрни яратишга хизмат қилади.
Қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган Жаҳон банкининг бошқа лойиҳалари билан биргаликда дастур юқорида қайд этилган маҳаллаларда қўшимча равишда 25 000 га яқин янги ва юқори маошли иш ўринларини яратишга ёрдам беради.
