Май ойида аҳолига ёқилғи ва қандолат маҳсулотлари қимматлашгани энг кўп сезилди
Май ойида Ўзбекистонда аҳоли томонидан сезилган инфляция 10,3 фоизни ташкил этди. Респондентларга кўра, ой давомида тиббий хизматлар, дори-дармон, қурилиш моллари, кафе-ресторан хизматлари ва ўсимлик ёғи арзонлашди.
Май ойида Ўзбекистонда аҳоли томонидан сезилган инфляция кўрсаткичи 0,8 фоиз бандга пасайиб, 10,3 фоизни ташкил этди. Бу аҳоли орасида ўтказилган сўровнома натижалари бўйича Марказий банк шарҳидан келиб чиқади.

Ҳудудлар кесимида сезилган инфляциянинг энг юқори кўрсаткичи Фарғона вилоятида қайд этилди — 12,2 фоиз. Энг паст кўрсаткич эса Навоий вилоятида кузатилди — 7,9 фоиз.

Аҳолининг турли гуруҳлари кесимида сезилган инфляциянинг энг юқори кўрсаткичи пенсионерлар (13 фоиз) томонидан, энг паст кўрсаткичи эса талабалар (8,9 фоиз) томонидан билдирилган.

Даромад даражасига кўра аҳолининг турли тоифалари кесимида даромади 4 млн сўмдан юқори бўлган аҳоли орасида сезилган инфляция даражаси республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори шаклланган. Даромади 30 млн сўмдан юқори аҳоли гуруҳида сезилган инфляцияля кўрсаткичи 13,5 фоизгача, 20−30 млн сўмгача даромад эгалари орасида сезилган инфляция эса 12,4 фоизгача пасайган (апрелда мос равишда 14,7 фоиз 14,1 фоиз).

7−20 млн сўм оралиғидаги даромад эгалари томонидан сезилган инфляци кўрсаткичи эса ўтган ойга нисбатан бироз ортган. 7 млн сўмгача бўлган даромад эгалари томонидан сезилган инфляция ўтган ойда кузатилган кўрсаткичларга нисбатан пасайган. Хусусан, даромади 2 млн сўмгача бўлган аҳоли вакиллари томонидан сезилган инфляция нисбатан юқори шаклланмоқда.

Респондентларга кўра, май ойида асосий турдаги товар ва хизматларнинг аксарияти арзонлашган.
Хусусан, гўшт ва сут маҳсулотлари қимматлашганини қайд этган респондентлар улуши бироз камайган (56 фоиздан 54 фоизгача). Шунингдек, респондентларга кўра, тиббий хизматлар ва дори-дармон, қурилиш моллари, кафе-ресторан хизматлари ва ўсимлик ёғи нархлари арзонлашган.
Айни пайтда бензин ва ёқилғи, шакар ва қандолат маҳсулотлари қимматлашгани аҳолига энг кўп сезилган.
